Ерали Тугжанов: Мустақил Ўзбекистон тараққиёт сари дадил одимламоқда
Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!
Истиқлолимизнинг 35 йиллиги байрами муносабати билан Қозоғистон Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерали Тугжанов ўз табригини изҳор этди.
– Мустақилликнинг 35 йиллиги – бу нафақат муҳим тарихий воқеалар, балки бутун бир авлоднинг босиб ўтган йўли, улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ва ишонч билан олға интилиш йилларидир. Давлат мустақиллиги Ватан, ватанпарварлик, миллий меросга ҳурмат каби тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ.
Таъкидлаш керакки, Истиқлол йилларида Ўзбекистон улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди ва бугун ишонч билан олға қадам ташламоқда. Айниқса, ўлкада Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бериб келмоқда. Бугун биз қиёфаси тобора янгиланиб, янги корхоналар барпо этилаётган, жаҳонга юз тутаётган ва шу билан бирга Самарқанд, Бухоро, Хива сингари қадимий цивилизация марказларининг бебаҳо тарихий-маданий мероси асраб-авайланаётган мамлакатни кўриб турибмиз.
Қозоғистон учун Ўзбекистон шунчаки қўшни ёки стратегик ҳамкоргина эмас. Бизни умумий тарих ва маданият, қардошлик ришталари, тил ва анъаналар, маънавий яқинлик, шунингдек, миллионлаб инсонларнинг тақдирлари бирлаштириб туради. Қозоқ ва ўзбек халқлари асрлар давомида ёнма-ён яшаб, қувонч ва ташвишларни бирга баҳам кўриб келган.
Бугун икки ўлка лидерлари ўртасидаги юксак ишонч ва дўстона муносабатлар туфайли Қозоғистон – Ўзбекистон стратегик шериклиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ишончим комилки, мамлакатларимизни ҳали олдинда кўплаб муштарак ютуқлар кутмоқда. Мустаҳкамланиб бораётган ҳар томонлама алоқалар эса халқларимизнинг янада фаровонлигига хизмат қилади.
Ушбу улуғ айёмда қардош ўзбек халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва улкан зафарлар тилайман! Мустақиллигингиз абадий, юртингиз тинч, Қозоғистон ва Ўзбекистон дўстлиги доимо мустаҳкам бўлсин! Байрамингиз муборак!
Ў.АЛИМОВ, ЎзА