Ўзбекистон ва Покистон етакчилари кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар
Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Покистонни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилаётгани билан самимий табриклади.

Жорий йилнинг февраль ойида Исломободга амалга оширилган тарихий ташриф ва бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар муносабатларимизни янги сифат босқичига кўтаргани алоҳида қайд этилди.
Мулоқот давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика бўйича ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш борасида фикр алмашилди.

Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорлик ва гуманитар йўналишдаги алоқаларни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, жорий йилда Хива шаҳрида Ҳудудлараро форум ўтказишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳамда Покистонда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларини ташкил этиш режалаштирилаётгани қайд этилди.
Тўқимачилик, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим соҳалардаги лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.