Ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлади
Қонун лойиҳасига шарҳ
Бутун ер юзида сув ресурсларининг тақчиллиги ошиб, сув муаммоси глобал тус олмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам сув захиралари йилдан-йилга камайиб, ер ости сувларининг сатҳи кескин пасайиб кетмоқда. Бир вақтлар қудуқ қазилса, 2 метр, нари борса 3 метрдан кейин сув чиқар эди. Ҳозир эса қўлда қудуқ қазиб, сув чиқаришнинг имкония йўқ — камида 10-15 метр чуқурликдан бурғилаш орқали сув чиқариш мумкин.
Мамлакатимизда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувдан оқилона фойдаланилишини таъминлаш, сувларнинг зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олиш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ошаётгани, қудуқларни рухсатсиз бурғилаш ва сувдан назоратсиз, ҳисобга олмасдан фойдаланиш ҳолатлари давом этмоқда. Бу каби ҳолатлар эса ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтириш заруриятини юзага келтирмоқда.
Шу мақсадда ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Солиқ кодексларига, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Яъни, ер ости сувларига қудуқларни қонунга хилоф равишда бурғилаш ва хавфли геологик жараёнларнинг олдини олишга доир кўрсатмалар талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Ҳисоблаш воситаларисиз ер ости сувлари олинганда, солиқни белгиланган солиқ ставкасининг оширилган миқдорида ундириш назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжатда кўзда тутилаётган нормалар ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари учун енгилликлар яратиш ҳамда ер ости сувларидан оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА