“Энг яхши китобхон ўқувчи” танлови ўтказилди
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Энг яхши китобхон ўқувчи” танлови бўлиб ўтди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида китоб мутолаасини кенг тарғиб қилиш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда китобхонлик маданиятини оммалаштиришдан иборат.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор Комила Карамова ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими раиси Нурали Маҳматов очиб берди.

Сўзга чиққанлар китоб мутолааси ёш авлоднинг маънавий камолоти, интеллектуал салоҳияти ва мустақил фикрлашини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, бундай танловлар ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этди.

Танловда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган билимдон ўқувчилар иштирок этиб, мутолаа қилган бадиий ва илмий-оммабоп асарлар юзасидан билимлари, таҳлил қилиш қобилияти ва нутқ маданиятини намоён этди. Иштирокчилар белгиланган мезонлар асосида ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, Муборак туманидан Фазилат Баратова 1-ўринни, Кўкдала туманидан Васила Муҳаммадиева 2-ўринни, Касби туманидан Дилнура Абдумажидова эса 3-ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидланганидек, мазкур танлов ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш, китобга меҳр уйғотиш, уларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган муҳим маърифий лойиҳалардан бири бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири