Муаммолар эшитилди, ечими топилди
Инсон манфаати, халқ дарди ва ҳаётий муаммоларга ечим топиш ЎзЛиДеП фаолиятининг устувор йўналишларидан бири.
Партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилди. Қабул давомида фуқаролар томонидан 40 дан ортиқ мурожаат билдирилди. Ҳар бир мурожаат атрофлича тингланиб, масъуллар иштирокида амалий ечимлар изланди.
Қувонарлиси, мурожаатларнинг бир қисми шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш, вақт ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни талаб қиладиган масалалар эса назоратга олиниб, уларнинг ижроси юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Энг муҳими, қабул натижалари рақамларда эмас, инсонлар тақдирида ўз ифодасини топди. Шу куннинг ўзида 3 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Яна 2 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун субсидия асосида кредит ажратиш масаласи ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, “Қусханатаў” маҳалласи аҳолиси томонидан кўтарилган электр таъминоти билан боғлиқ муаммо ҳам ижобий ечим топди. Ушбу масалани бартараф этиш ишлари кейинги олти ойлик дастурга киритилиб, унинг ижроси назоратга олинди.
Сайёр қабул нафақат мурожаатларни кўриб чиқиш, балки эзгулик ва меҳр-оқибат тадбирига ҳам айланди. Қабул якунида кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда ёшларга байрам муносабати билан совғалар топширилди.
Халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларга амалий ечим топиш иш самарадорлигининг энг муҳим мезонидир. Партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасидаги бундай сайёр қабуллар юртдошларимиз ишончини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва ҳар бир мурожаат ортидаги инсон тақдирига масъулият билан ёндашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири