Битирувчига “Ўзмиллийбанк”дан имтиёзли кредит (+видео)
Гарчи мутахассислик бўйича олий маълумот ҳақида диплом ҳамда касбнинг назарий асослари бўлсада, иш бошлашдаги биринчи қадам ҳамиша мураккаб кечади. Уни енгиллатиш, шаҳдам қадам ташлаб юксак марралар сари йўлга чиқиш учун Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан битирувчи ёшларга қулайликлар яратилди.
“Келажакка қадам” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга “Ўзмиллийбанк” АЖ масъул этиб танланди. Бугун Фарғона давлат техника университетида мазкур банк вакиллари битирувчи ёшлар билан учрашдилар. Дастлаб “Ўзмиллийбанк” АЖнинг “Келажакка қадам” маркази раҳбари Азимжон Илҳомов ва “Ўзмиллийбанк” АЖнинг Фарғона вилоят филиали бошлиғи Зоҳиджон Мадаминов ўз ишини очмоқчи бўлган ёшларга лойиҳа, имтиёзлар ва уни амалга ошириш йўллари ҳақида батафсил маълумот беришди.
[gallery-28773]
Унга кўра “Тадбиркорликка илк қадам”, “Бизнес старт”, “Бизнес прогресс”, “Менинг биринчи касбим” каби дастурлар шарти ҳамда қулайликлари тушунтирилди. Шундан сўнг битирувчи талабалар банк мутахассисларини саволга тутдилар. Кредит шароити, гарови, шахснинг кредит олиш тарихи, имтиёзлар бир-бир таҳлил қилинди. Зоҳиджон Мадаминов тушунча беришича, тадбиркорларга 38 фоизгача берилаётган кредит маблағлари битирувчи ёшлар учун атиги йиллик 15 фоиз устама билан берилади. Шу йилнинг ўзида “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона филиали томонидан 80 млрд сўм маблағ олий таълим битирувчиларига шундай имтиёз асосида кредит тарзида берилиши белгиланган.
Университет битирувчилари учрашув чоғида ўзларининг бизнес лойиҳалари, орзу ва режалари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Учрашув якунига кўра, Фарғона давлат техника университетининг 17 нафар битирувчиси “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилоят филиали тизимидан ўз лойиҳалари учун имтиёзли кредит олишга ариза берадиган бўлдилар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nN0EXMI9zCk" title="Bitiruvchiga “O‘zmilliybank”dan imtiyozli kredit" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА