Энг шижоатли, чаққон ва ғайратли ёшлар сараланди
Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмда “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мудофаа ва Спорт вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган беллашув 18-22 ёш тоифасида маҳалла ёшлари ўртасида жамоавий тартибда ўтказилди.


Мусобақа қатнашчилари турникда тортилиш, орқа билан ётган ҳолатдан танани кўтариш, ўқув қўл гранатасини узоқликка улоқтириш, узоқ ва яқин масофаларга югуриш, “АК-74” автомати қуролини нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, пневматик қуролдан ўқ узиш каби олтита тур бўйича ўз маҳорати ва жисмоний, ҳарбий тайёргарлиги, чаққонлиги ва аниқ нишонга олишини намойиш этди.
Қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақада Сариосиё туманидаги Нурбулоқ маҳалласи жамоаси ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат босқичига йўлланма олди. Бандихон туманидаги Зевар маҳалласи ёшлари иккинчи, Термиз шаҳридаги Эски шаҳар маҳалласи жамоаси учинчи ўринларни эгаллади.


Ғолибларга беллашув ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Мусобақанинг мамлакат босқичида энг юқори натижага эришган жамоа аъзолари олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномага эгалик қилади. Шунингдек, финалда биринчи ўринни эгаллаган жамоа маҳалласига намунавий универсал спорт майдончаси, иккинчи ўрин соҳиби маҳалласига стрит-воркаут майдончаси, учинчи ўрин соҳибига эса воркаут майдончаси қуриб берилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири