Ўзбекистон крикет терма жамоаси Сингапурда
Сингапурда крикет бўйича 2027 йилги Осиё чемпионатига саралаш ўйинлари ҳисобланган “Challenger Cup” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этмоқда.
Бугун, 11 июнь куни мазкур нуфузли мусобақада иштирок этаётган Хитой, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистон каби 30 дан ортиқ миллий тема жамоаларнинг мураббийлари, мутахассислари иштирокида мандат комиссияси йиғилиши ҳамда қуръа ташлаш маросимлари ташкил этилди.

– Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган мазкур спорт турини яқин беш йилда мамлакатимизда кенг оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ижобий натижасини кўрсатаётганидан хурсандмиз. Жамоамиз ўтган йили Халқаро ва Осиё крикет федерацияси билан олиб борилган музокаралар, бир нечта давлатларда ўтказилган ўқув-йиғинларда, мусобақаларда иштироки туфайли ушбу нуфузли мусобақада қатнашиш ҳуқуқига эга чиқди. Мақсадимиз яхши натижалар қайд этиб, халқаро крикет майдонида Ўзбекистоннинг ўз ўрни бўлишини намойиш этиш, – дейди Ўзбекистон крикет федерацияси раиси Азиз Михлиев.

Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси нуфузли мусобақанинг “D” гуруҳида Камбоджа, Индонезия жамоалари билан жой олди.
Ўйинлар тақвимига кўра, Муртоза Чуғтой бош мураббийлигидаги Ўзбекистон крикет миллий терма жамоаси эртага, 12 июнь куни “Challenger Cup” мусобақасидаги илк ўйинни Камбоджа терма жамоасига қарши ўтказади.
Турнир 20 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА