Энергия инқирози шароитида уч давлат хавфли йўл танлади
Яқин Шарқда уруш бошланганига 100 кун тўлар экан, Европа Иттифоқида энергия хавфсизлиги яна кун тартибига чиқди. Кўплаб давлатлар нефть ва суюлтирилган табиий газ импортини қисқартириш орқали ташқи хавфга қарамликни камайтириш ниятида. Германия, Италия ва Бельгия эса аксинча йўл тутиб, ушбу ресурслар импортини оширган. Таҳлилга кўра, март-май ойлари оралиғида ЕИда суюлтирилган газ импорти 1,2 фоиз камайган. Буюк Британияда эса бу кўрсаткич 20 фоиз пасайган. Мутахассислар айни ҳолатни энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш, газга талабни босқичма-босқич камайтириш сиёсати билан изоҳламоқда.
Умуман, Германиянинг суюлтирилган газ импорти бир йидда 72 фоиз ошди. Италия ва Бельгияда ҳам шунга яқин ўсиш қайд этилган. Экспертлар фикрича, бу давлатлар ташқи бозордаги беқарорликка нисбатан сезувчанликни кучайтирмоқда.
Яқин Шарқдаги кескинлик Ҳурмуз бўғози орқали энергия ташиш жараёнига ҳам таъсир кўрсатиб, Қатардан келаётган газ ҳажмини камайтирди. Бинобарин, Европа бозорида АҚШ, Россия, Норвегия ва Жазоирдан кириб келаётган миқдор ўсишда давом этди. Ҳисоб-китобга кўра, сўнгги 100 кун ичида энергия нархи кўтарилиши фавқулодда чоралар Европа иқтисодиётига 60 миллиард евро қўшимча харажат юклаган. Бу маблағнинг жуда кам қисми электрлаштириш лойиҳаларига йўналтирилган. Мутахассислар айнан электр энергиясига асосланган иқтисодиёт келажакда инқирозга қарши энг самарали ҳимоя воситаси бўлишини таъкидламоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбалари Европанинг асосий таянчига айланмоқда. Қуёш ва шамол энергетикаси ўтган йил миллиардлаб евро тежаш имконини берди. Айниқса Испания мисоли бу борада диққатга сазовор: мамлакат электр энергиясининг салмоқли қисми паст углеродли манбалар ҳисобига ишлаб чиқарилмоқда. Кузатувчилар фикрича, ҳозирги салбий ҳолат Европа учун муҳим сабоқ бўлади. Қитъа қанча тез қайта тикланувчи энергияга ўтса, ташқи бозордаги беқарорлик таъсири шунча камаяди.
Мусулмон Зиё, ЎзА