Энергетика тизимида ёшлар салоҳиятига эътибор кучаймоқда
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Асроржон Асқаров тизимда фаолият юритаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мулоқотда бошқарув раиси ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва замонавий билим ҳамда кўникмаларини ошириш ташкилот учун устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлади.

– Бугунги кунда тизимимизда фаолият юритаётган ёшлар эртанги тараққиётимизнинг асосий кучидир. Шу боис, сизларнинг ҳар бир таклифингиз, ғоя ва ташаббусингиз биз учун муҳим. Биз сизларга кенг имкониятлар яратишга тайёрмиз, – дея қайд этди Асроржон Асқаров.
Учрашув давомида ёшлар томонидан иш шароитларини яхшилаш, малака ошириш дастурларини кенгайтириш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган янги ечимлар шулар жумласидан.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ҳар бир иштирокчи ўз фикрини эркин баён қилиш имкониятига эга бўлди. Бундай учрашувлар ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА