Энергетика соҳаси келажаги ёшлар нигоҳида
Бугун мамлакат энергетика соҳасини ривожлантириш, тармоқдаги ислоҳотлар ва келажак режаларини ёшлар билан муҳокама қилишга бағишланган очиқ мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.
Айниқса, соҳада таҳсил олаётган талабаларнинг фикр ва таклифларини тинглаш, уларнинг илмий изланишлари ҳамда касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш бу каби учрашувларнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Бугун энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг навбатдаги очиқ мулоқоти И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари билан бўлиб ўтди.
Олий таълим муассасасида таҳсил олаётган талабалар, ўқитувчилар ҳамда илмий ходимлар иштирок этган учрашув давомида энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, нефть-газ тармоғида рақамлаштириш жараёнлари ва ёш мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Энергетика вазири учрашув чоғида бугун, 17 апрель – мазкур олийгоҳнинг ташкил этилган куни муносабати билан барча иштирокчиларни самимий муборакбод этди. У ўз сўзида мазкур таълим даргоҳи мамлакат ва минтақа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутаётганини, унинг битирувчилари энергетика соҳасининг турли йўналишларида самарали фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, очиқ мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита вазирдан жавоб олиш, соҳадаги янгиликлар, ишга жойлашиш имкониятлари, амалиёт дастурлари ва илмий лойиҳалар юзасидан фикр алмашиш имконига эга бўлди.
Аҳамиятли жиҳати, бундай мулоқотлар ёшларнинг соҳага бўлган қизиқишини янада ошириш, уларнинг илмий ва амалий салоҳиятини рўёбга чиқариш, келгусида мамлакат энергетика тизими учун рақобатбардош кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА