Эндиликда навоийлик ҳайдовчилар Европада ишлайди
Миграция агентлиги Навоий ҳудудий филиали ташаббуси билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, аҳолини қонуний иш билан таъминлаш ва уларни замонавий талаблар асосида тайёрлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Руминиянинг “Remarkable Consulting” компанияси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик бу борадаги амалий қадамларнинг ёрқин намунасидир. Илгари фақат режа сифатида илгари сурилган ташаббуслар бугунги кунда аниқ натижалар бермоқда.
Жорий йилнинг 27 январь куни компания вакилларининг Навоий вилояти ҳокими Н.Турсунов билан учрашуви чоғида транспорт соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув марказларини ташкил этиш, шунингдек, ҳудуднинг логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган эди.

– Мазкур келишувларнинг мантиқий давоми сифатида, жорий йилнинг 7-8 апрель кунлари Руминия компанияси вакиллари Навоий вилоятига ташриф буюриб, юк автомобили ҳайдовчиларини танлаш жараёнларини амалга оширди, – дейди Агентликнинг Навоий ҳудудий филиали бошлиғи Исмат Болтаев. – Саралаш жараёнида қарийб 200 нафар фуқаро иштирок этди. Жараён халқаро талаблар асосида уч босқичда ташкил этилди. Биринчи босқичда ҳайдовчиларнинг амалий кўникмалари синовдан ўтказилиб, уларнинг фура туридаги юк автомобилларини бошқариш бўйича малакаси баҳоланди. Иккинчи босқичда номзодларнинг тил билиши, хусусан рус тилида мулоқот қилиш қобилияти текширилди. Бу эса хорижий иш муҳитига тез мослашиш учун муҳим омил ҳисобланади. Учинчи босқичда эса психологик тестлар орқали иштирокчиларнинг стрессга чидамлилиги, масъулияти ва касбий мослиги чуқур ўрганилди.

Энг муҳими, барча босқичлардан муваффақиятли ўтган номзодлар тўғридан-тўғри иш берувчи компания билан меҳнат шартномаларини қўлга киритди. Энди мазкур саралашдан ўтган ҳайдовчилар Қизилтепа туманида ташкил этиладиган махсус ўқув жараёнларида иштирок этади.
Ўқувларда хорижий мутахассислар томонидан халқаро стандартлар асосида назарий ва амалий билимлар берилади. Якунда уларга Европа меҳнат бозорида талаб юқори бўлган “Code 95” сертификати топширилади.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, номзодлардан ҳеч қандай воситачилик ёки хизмат ҳақи ундирилмайди. Барча харажатлар иш берувчи компания томонидан қопланади.
Албатта, Миграция агентлиги Навоий ҳудудий филиали томонидан амалга оширилаётган мазкур ташаббус нафақат фуқароларни иш билан таъминлаш, балки уларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, билим ва кўникмаларини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Келгусида Навоийда бошланган ушбу тажриба республикамизнинг бошқа ҳудудлари учун ҳам намунавий мактаб бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
А. Бўриев, ЎзА мухбири