Элликқалъада янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Амиробод” овул фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий 70-сонли умумий ўрта таълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида туман ҳокимлиги, масъул ташкилотлар вакиллари, таълим соҳаси ходимлари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ушбу таълим маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қурилди. Сўзга чиққанлар умумий қиймати 11 миллиард 182 миллион сўм бўлган 330 ўринли замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган мактаб биноси ўқувчилар учун қулай ва сифатли таълим олиш имкониятларини янада кенгайтиришини қайд этди.

Янги таълим муассасасининг фойдаланишга топширилиши ҳудудда таълим инфратузилмасини ривожлантириш, ёш авлод учун замонавий шароитлар яратиш йўлидаги муҳим қадам, энг асосийси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири