Экспертиза 7 номдаги унни талабга номувофиқ деб топди
Рақобат қўмитаси томонидан ички бозорда сотилаётган ун маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини ўрганиш мақсадида назорат харидлари ўтказилди.
2026 йил январь–апрель ойларида республика бўйлаб савдо нуқталаридан 35 номдаги ун маҳсулотлари намуналари олиниб, лаборатория текширувларига юборилди.
Таҳлиллар натижасида 7 номдаги ун маҳсулотида стандарт талабларига номувофиқлик аниқланган. Жумладан, Бухоро, Жиззах, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ишлаб чиқарилган айрим ун маҳсулотларида темир ва руҳ миқдори талаб даражасида эмаслиги, шунингдек микронутриентлар билан бойитиш меъёрларига риоя қилинмагани маълум бўлди.
Хусусан, “Mufassal”, “Asian Grain”, “Lazzat Gold”, “ZEBO”, “Бидай ун 777”, “Muxabbat” ҳамда “DASTARXAN MUKA” ун маҳсулотлари лаборатория хулосаларига кўра номувофиқ деб топилди.
Қўмита томонидан корхоналарга маҳсулотларни белгиланган стандартларга мувофиқлаштириш, темир ва руҳ миқдорини меъёрга келтириш ҳамда унларни тўлиқ бойитилган ҳолда сотиш юзасидан кўрсатмалар берилди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли ташкилотларга маълумотлар юборилиб, чоралар кўрилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА