Эксперт кенгаши қарор чиқарадими? – Расмий изоҳ берилди
Сўнгги вақтларда Солиққа оид низолар бўйича Эксперт кенгаши фаолияти юзасидан турли талқинлар кузатилмоқда. Бунга расмий муносабат билдирилиб, кенгашнинг ваколат доираси ва ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 11 июлдаги 223-сон қарорига мувофиқ Савдо-саноат палатаси ҳузурида солиқ, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ соҳалари мутахассисларидан иборат Солиққа оид низолар бўйича Эксперт кенгаши ташкил этилган.
Кенгашнинг асосий вазифаси солиққа оид низоларни қонунчилик асосида ўрганиш, таҳлил қилиш ва ваколатли давлат органлари учун тавсиявий хулосалар тайёрлашдан иборат.
Расмий изоҳда таъкидланишича, ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарадиган якуний қарорлар фақат ваколатли давлат органлари томонидан қабул қилинади.
Президент қарорига мувофиқ, Эксперт кенгаши солиқ органлари қарорларидан норози бўлган тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқади ва улар юзасидан хулоса беради. Ушбу хулосалар солиқ, божхона ва бошқа тегишли давлат органлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 672-сон қарори билан тасдиқланган Низомда ҳам кенгашнинг фақат хулоса бериш ваколатига эга экани, якуний ҳуқуқий қарор эса давлат органлари томонидан қабул қилиниши қатъий белгилаб қўйилган.
Мутахассисларнинг фикрича, Эксперт кенгаши фаолияти натижаларини “бекор қилинди”, “масала ҳал этилди” ёки “қайта кўриб чиқилди” каби ифодалар билан талқин қилиш нотўғри ҳуқуқий тушунчалар шаклланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматларидан ҳуқуқий механизмларни ёритишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш, жамоатчиликни чалғитувчи маълумотларни тарқатмаслик сўралди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА