Тўрақўрғонда ўтган “Дўстлик” турнири
Наманган вилоятининг Тўрақурғон туманида илк бор белбоғли кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида "Дўстлик" халқаро турнири бўлиб ўтди.
65- халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил этилган "Дўстлик" халқаро турнирда Россия, Ҳиндистон ҳамда мамлакатимизнинг энг номдор полвонлари иштирок этди.

Халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Бозоров, Тўрақўрғон туман ҳокими, вилоят белбоғли кураш федерацияси раиси Шерали Қосимов, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси президенти Мўмин Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ва бошқалар турнирнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, юртимизда ўтказиб келинаётган спорт мусобақалари дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилаётганлигини таъкидлашди.

Шиддатли курашларда ҳар бир вазн тоифасида совриндорлар сафидан жой олиш спортчилар учун осон кечмади. Беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни, Россия терма жамоаси иккинчи, ҳиндистонликлар эса учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Т. Рўзиев, ЎзА