Экологик барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда экологик муаммоларга қарши курашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ер ва сув бойликларини асраб-авайлаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш мамлакат тараққиётининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган экологик ислоҳотлар, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Бу борада Бухоро вилоятида ҳам кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ ҳудуднинг табиий-иқлим шароити, чўлланиш жараёнлари ва чанг-тўзонлар тарқалиши билан боғлиқ муаммолар экологик барқарорликни таъминлашда тизимли ёндашувни талаб этмоқда.
Ана шу масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг қўшма йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди.
Унда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев, қўмита раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова, вилоят ҳокими, сенат аъзоси Ботир Зарипов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳокимлик масъуллари, соҳа мутасаддилари, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишга халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши раиси Жамол Ашуров раислик қилди.
Қўшма йиғилишда Сенатнинг 2026 йил иккинчи ярмига мўлжалланган иш режасига мувофиқ, вилоятда барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида ўрмонлаштириш, чўлланишга қарши курашиш, чанг-тўзонлар кўтарилишининг олдини олиш ва экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.
Мазкур масаланинг Бухоро вилояти мисолида муҳокама қилиниши бежиз эмас. Чунки ҳудуднинг ўзига хос географик жойлашуви, қуруқ иқлими, сув ресурсларига бўлган эҳтиёж ва айрим ер майдонларида кузатилаётган деградация жараёнлари экологик хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади. Бу эса фақат кўчат экиш ёки яшил майдонлар барпо этиш билан чекланиб қолмасдан, уларни парваришлаш, сув билан таъминлаш ва узоқ муддатли самарадорлигини таъминлашни ҳам талаб қилади.

Шу мақсадда Сенат қўмитасининг ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 11–12 ноябрь кунлари вилоятда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Ўрганиш жараёнида эришилган натижалар билан бир қаторда, мавжуд муаммо ва камчиликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бартараф этиш имкониятлари таҳлил қилинди.
Қўшма йиғилишда ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари юзасидан ахборот берилди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг тегишли соҳалар бўйича ўринбосари Ҳ. Давлатов, вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари С. Эргашев ҳамда Бухоро давлат ўрмон хўжалиги директори Р. Ҳожиевнинг ҳисоботлари тингланди.
Муҳокамаларда ўрмонлаштириш ишларининг самарадорлигини ошириш, чўлланиш жараёнларининг олдини олиш, чанг-тўзонлар тарқалишини камайтириш, ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, белгиланган вазифалар ижросида масъул ташкилотларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Депутатлар соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан таклифларини илгари сурдилар. Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ҳ. Артикова ҳам кун тартибидаги масала юзасидан комиссия хулосасини баён қилди.

Таъкидланганидек, экологик барқарорликни таъминлаш бир марталик тадбир эмас, балки изчиллик, масъулият ва узоқ муддатли режалаштиришни талаб этадиган жараёндир. Айниқса, Бухоро каби табиий иқлим шароити мураккаб бўлган ҳудудларда ҳар бир экилган кўчатнинг тутиб кетиши, ҳар бир барпо этилган яшил майдоннинг сақланиши ва ҳар бир экологик лойиҳанинг аниқ натижа бериши муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, муҳокама қилинган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Қарор ижроси халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши томонидан белгиланган тартибда назоратга олинади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири