Эскроу тизими: Уй харидида харидор ҳимояси кучайтирилди
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси томонидан “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича брифинг ўтказилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, уй учун тўланган маблағ банкда фуқаронинг номига очилган эскроу ҳисобварағига тушади. Қурувчи пулни фақат уй топширилиб, далолатнома имзолангандан кейин олади. Ҳисоб бепул очилади ва юритилади. Нақд пулда ёки натура шаклида тўлаш тақиқланади. Қурувчи банкрот бўлса ҳам, эскроудаги пулни хатлаб ҳам, ундириб ҳам бўлмайди. Бу ҳисоблар омонатларни кафолатлаш тизимига ҳам киритилади.
Фуқаролардан пулни фақат “ихтисослашган қурувчи” жалб қила олади. У битта лойиҳа ва битта рухсатнома доирасида ишлайди. Раҳбар ва якуний мулкдор етказилган зарар учун қурувчи билан биргаликда жавоб беради. Қурувчининг ўз маблағи лойиҳа қийматининг камида 10 фоизи бўлиши шарт. Қурилишнинг камида 70 фоизини банк бажарилган ишга қараб босқичма-босқич молиялаштиради.
Қайд этилишича, шартнома намунавий шаклда тузилади, нотариал тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилади. Шу тариқа битта уйни бир неча кишига сотиш имкони йўқолади. Харидор ҳуқуқларини чекловчи шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, эскроу ҳисобварағи — бу харидор ва сотувчи ўртасидаги битимларда хавфсизликни таъминловчи махсус шартли банк ҳисобварағидир. Унда харидорнинг маблағлари келишилган шартлар (масалан, уй қурилиши тугаши ёки кўчмас мулк ҳужжатлари расмийлаштирилиши) бажарилгунига қадар банк томонидан музлатиб турилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА