“Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси – амалда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жойларда кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар орасида экологик онг ва маданиятни шакллантиришга қаратилган ташаббуслар изчиллик билан амалга ошириляпти. Бу борада Жиззах вилоятида ташкил этилаётган тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилоят кенгаши ҳамда Шароф Рашидов туманидаги 5-, 22- ва 48-сонли умумтаълим мактаблари ҳамкорлигида “Ҳар бир қадам – табиатга малҳам!” шиори остида ўтказилган плоггинг акцияси кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу ибратли тажриба воҳанинг бошқа таълим муассасалари томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланиб, ҳудудларда кенг қамровда давом эттирилмоқда.

Шунингдек, лойиҳани ёшлар орасида тарғиб қилиш, уларда атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш мақсадида Мирзачўл туманида ҳам плоггинг акцияси ташкил этилди. Унда вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг туман бўлими, шунингдек, мактабгача ва мактаб таълими тизимига қарашли 1-, 2-, 17-, 18- ва 20-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари фаол иштирок этди.

Айниқса, 1-сонли умумтаълим мактабида йўлга қўйилган экологик таълим-тарбия ишлари эътиборга лойиқ. Мактаб қошида ташкил этилган ёш эко-фаоллар гуруҳи томонидан турли акция ва лойиҳалар мунтазам равишда амалга ошириб келинаётгани ёшларнинг табиатга дахлдорлик ҳиссини янада мустаҳкамламоқда. Навбатдаги плоггинг тадбирида ҳам мазкур жамоа фаоллик кўрсатиб, энг кўп чиқинди тўплаган жамоа сифатида эътироф этилди.


Тадбир якунида фаол иштирокчилар Жиззах вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири