ЕИ болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаши мумкин (+видео)
Европа Иттифоқи ёз ойларида болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига чеклов жорий этиши мумкин, деб хабар берди Euroneus.
Европалик амалдорлар вояга етмаганларни хавфли контент ва ижтимоий тармоқларга қарамликдан ҳимоя қилиш ниятида эканини билдирмоқда. Шу билан бирга, улар медиа-компанияларни Европа Иттифоқи қонунлари ва тавсияларига амал қилишни истамаётгани учун танқид қилмоқда.
Бу борада Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен шундай деди:
“Биз технологиялар жуда тез ривожланаётганини ва улар болалар ҳамда ўсмирлар ҳаётининг барча соҳаларига кириб бораётганини кузатмоқдамиз. Шу сабабли ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун минимал ёш масаласини энди эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Европа Иттифоқига аъзо деярли барча давлатлар бундай чекловни жорий этиш заруратини билдирмоқда.”
Сўнгги вақтларда бир қатор Европа давлатлари “интернет балоғат ёши” концепцияси бўйича ўз лойиҳаларини ишлаб чиқди ва айримлари аллақачон кучга кирмоқда.
Брюсселда эса бутун Европа Иттифоқи учун ягона қоида ва механизмлар жорий этилиши зарур, деб ҳисоблашмоқда. Шу мақсадда Европа комиссияси болаларнинг интернетдаги хавфсизлигини ўрганувчи мустақил экспертлар гуруҳини тузди. Улар вояга етмаганлар ўртасидаги қарамлик ва ижтимоий хавотир каби муаммоларга қарши чораларни баҳолайди.
Европа Иттифоқи учун асосий муаммолардан бири ёшни текшириш бўйича умумий техник ечим топиш бўлмоқда. Бир ой олдин Европа Иттифоқида фойдаланувчилар ёшини тасдиқловчи илованинг техник жиҳатдан тайёр экани маълум қилинди. Ушбу илова барча аъзо давлатларга расман тавсия этилди.
Бироқ айрим давлатлар техник заифликлар ва шахсий маълумотлар сизиб чиқиши мумкинлигидан хавотир билдириб, бу ташаббусга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/A1EWBsz3RiY" title="YEI bolalar uchun ijtimoiy tarmoqlarni cheklashi mumkin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА