ЕЧЛ: Парижда йил ўйини ўтказилди
Кеча тунда дунё футбол ихлосмандлари эътибори Франция пойтахти Парижга қаратилди. Негаки, ушбу кечада Европа чемпионлар лигасининг ярим финалидан ўрин олган илк ўйин — “ПСЖ” - “Бавария” учрашуви бўлиб ўтди.
ЕЧЛнинг бу йилги мавсумини ўзгача ўтказаётган ушбу жамоалар баҳси 5:4 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди. Учрашувдаги голларга парижликлар сафида Усмон Дембеле (дубль), Хвича Кварацхелия (дубль) ва Невеш муаллифлик қилган бўлса, мюнхенликлар таркибида Ҳарри Кейн, Майкл Олисе, Упамекано ҳамда Луис Диас рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Мазкур ўйин натижаси ҳар икки жамоа учун рекорд ва антирекордларни олиб келди. Яъни, “Бавария” сўнгги маротаба 2023 йилнинг 9 декабрь куни “Айнтрахт”га қарши ўйинда 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган эди ва бугунга қадар ҳеч бир жамоа ушбу клуб дарвозасига бир ўйинда бешта гол ура олмаётган эди.

"Бавария” дарвозабони Мануэль Нойер ушбу баҳсда дарвозага йўналтирилган барча зарбаларни ўтказиб юборди ва бирор маротаба сейв амалга оширмади. Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида бундай ҳолат охирги марта 2000 йилда кузатилган эди.
Шунингдек, “ПСЖ” ва “Бавария” ўртасидаги Чемпионлар лигаси ярим финал баҳсида (5:4) жамоалар жами тўққизта гол урди. Бу эса мусобақа тарихида илк бор ушбу босқичнинг бир учрашувида 9 та гол урилган ўйин сифатида қайд этилди.

Маълумот ўрнида, 1959-1960 йилги Европа чемпионлар кубоги ярим финалида “Айнтрахт” футболчилари “Рейнжерс”ни 6:3 ҳисобида мағлуб этган, аммо ўша пайтда мусобақа бошқача форматда ўтказилган эди.
“Бавария” ва “ПСЖ” ўртасидаги жавоб ўйини 6 май куни Мюнхенда бўлиб ўтади.
Бугун соат 23:59 да Европа чемпионлар лигасининг ярим финал босқичи доирасида иккинчи ўйин старт олади. Унда "Атлетико" ўз майдонида "Арсенал" билан рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА