“Дунё - қуёш нигоҳида” инклюзив форуми ўтказилди
Пойтахтимизда тенг имкониятлар ва ижтимоий интеграция ғояларини илгари суришга қаратилган йирик тадбирлардан бири — “Дунё - қуёш нигоҳида” инклюзив форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси кўмагида ҳамда “Қуёшли Олам” ННТ иштирокида ўтказилди.
Форум давомида даун синдромига эга болалар ва ёшларнинг концерт чиқишлари, ижодий маҳорат дарслари, спорт ва интерактив фаолиятлари, хайрия ярмаркаси ҳамда инклюзив таълим ва оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирда Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган ташкилотлар ҳамда ота-оналар ҳамжамиятлари вакиллари қатнашди. Бу эса Ўзбекистоннинг инклюзия соҳасида минтақавий тажриба алмашиш майдонига айланиб бораётганини кўрсатди.
[gallery-28440]
Туркия Махсус спортчилар федерацияси вакили Бирол Айдин бундай тадбирлар спорт, ижтимоий интеграция ва инсонпарварлик қадриятларини бирлаштиришини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон инклюзияни ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар ташламоқда ва бу тажриба бутун минтақа учун илҳом манбаи бўлмоқда.
Қирғиз Республикасидаги “Сантерра Юг” фонди раҳбари Жилдиз Туратбеков форум оилаларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини яққол намоён этганини қайд этди. Унинг таъкидлашича, тадбир давомида болалар ва ота-оналар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилгани кўзга ташланди.
“Қуёшли олам” ННТ директори Шаҳноза Икромова фестивалнинг асосий ғоясини изоҳлар экан, жамиятни инклюзив муҳитга айлантириш муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тадбир ота-оналар ёлғиз эмаслиги ва фарзандлар катта имкониятларга эга эканини яна бир бор намоён этди.
Ташкилотчиларнинг фикрича, форум нафақат маданий тадбир, балки жамиятда хабардорликни ошириш, стереотипларни бартараф этиш ва мамлакатда замонавий инклюзив муҳитни шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим ижтимоий платформага айланди.
Форум тенглик, ҳурмат ва ижтимоий ҳамжиҳатлик қадриятларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шаҳноза Маматуропова,
Аслиддин Алижонова (сурат)
ЎзА