Байрам сайли
Бухоро давлат университетида “Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!” шиори остида байрам сайли ташкил этилди.
Тадбирда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, меҳмонлар ҳамда жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди. Университет ҳудуди байрамона безатилиб, миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни ўзида мужассам этган кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди. Факультетлар томонидан тайёрланган чиқишлар, миллий либослар ва халқона безаклар Наврўзнинг ўзига хос руҳини янада яққол намоён этди.
Сайл давомида саҳна чиқишлари, фольклор композициялар, миллий қўшиқ ва рақслар намойиш этилди. Ижодий жамоалар томонидан тайёрланган дастурлар нафақат томошабинларга завқ бағишлади, балки миллий меросимизнинг нақадар бой ва ранг-баранг эканини яна бир бор кўрсатди. Айниқса, иқтидорли талабаларнинг чиқишлари тадбирга алоҳида файз ва шукуҳ бахш этди.
Шунингдек, байрам доирасида сумалак, ҳалим, кўксомса каби миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу таомлар нафақат миллий ошхонамизнинг ажралмас қисми, балки халқимизнинг меҳр-оқибати, бирдамлиги ва бағрикенглигининг рамзи сифатида намоён бўлди.
–Наврўз байрами ҳар йили мен учун алоҳида аҳамиятга эга,–дейди университетнинг Хорижий тиллар факультети талабаси Нозанин Ахтамова.–Бугунги тадбир эса янада унутилмас бўлди. Университетимиздаги байрам муҳити, миллий қўшиқлар, рақслар ва кўргазмалар қалбимга илиқлик бахш этди. Айниқса, талабаларнинг биргаликда тайёргарлик кўриб, шундай чиройли чиқишлар намойиш этгани жуда қувонарли. Мен учун Наврўз янгиланиш, орзуларга янги қадам қўйиш, инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш демакдир. Бу байрамда барча ёмонликлар унутилиб, яхши ниятлар билан янги ҳаёт бошланади, деб ўйлайман. Миллий таомлар кўргазмаси ва саҳна чиқишлари менга жуда ёқди. Ҳар бир факультетнинг ўзига хос ёндашуви борлиги кўриниб турди. Бу эса талабаларнинг ижодкорлиги ва фаоллигини янада намоён қилди.
[gallery-28442]
Университетида ўтказилган Наврўз сайли нафақат байрамона тадбир, балки миллий қадриятларни тарғиб этувчи, ёшларда ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамловчи муҳим маънавий анжуман бўлди. Ушбу сайл университет жамоасини янада бирлаштириб, уларнинг қалбида юртга муҳаббат, миллий меросга ҳурмат ва келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлади.
Наврўз фақат байрам эмас, балки инсонни улуғлаш, унинг қалбидаги эзгуликни уйғотишга хизмат қиладиган буюк қадриятдир.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари