Дуал таълим – билим, тажриба ва бандлик уйғунлигини таъминлайди
Фармон ва ижро
Бугун олий таълим муассасаси битирувчисининг муваффақияти нафақат дипломи, балки назарий билимларини амалиётда қўллай олиши, мустақил қарор қабул қилиши ва муаммоларга ечим топиши билан ҳам белгиланади. Бунинг учун таълимни меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқлаштириш ва иш берувчиларни кадрлар тайёрлаш жараёнига жалб қилиш зарур.
Дуал таълим айнан шу мақсадга хизмат қилади. Талаба олий таълим даргоҳида назарий билим олади, иш жойида эса уларни амалиётда қўллашни ўрганади.
Президентимизнинг 2026 йил 29 сентябрдаги «Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони шу мақсадга қаратилган.
Тошкент давлат юридик университети Конституциявий ҳуқуқ кафедраси катта ўқитувчиси Умид Собиров фармоннинг ижроси бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Дуал таълим ёшларнинг иш тажрибасига эга бўлиш билан боғлиқ муаммоларини ўқиш давридаёқ ҳал қилишга ёрдам беради. Масалан, юридик таълим олаётган талаба ҳуқуқий билимларини давлат органларида фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, маъмурий қарорларни таҳлил қилиш ва ҳуқуқий ечимлар ишлаб чиқишда қўллаши мумкин. Бу жараёнда у касбий кўникмаларни шакллантириш билан бирга ўз фаолияти учун масъулиятни ҳам ҳис қилишни ўрганади.
Таълим жараёни олий таълим даргоҳи, корхона ёки ташкилот ва талаба ўртасидаги уч томонлама шартнома асосида ташкил этилади. Иш берувчи талабага ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлайди, талаба эса ўқишни тамомлагандан кейин камида икки йил шу корхонада ёки унинг тизимидаги ташкилотларда ишлаб бериши лозим. Ўқув жараёнининг камида 30 фоизи назарий таълимга, қолган қисми эса корхонадаги амалий тайёргарликка ажратилади.
Бу тизим талаба, олийгоҳ ва иш берувчи учун бирдек манфаатли. Талаба иш тажрибаси ва даромадга эга бўлади, иш берувчи келажакдаги ходимини тайёрлашда қатнашади, олийгоҳ эса меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб таълим мазмунини такомиллаштиради.
Фармонда иш берувчиларни рағбатлантириш ҳам назарда тутилган. Жумладан, 2027 йил 1 январдан белгиланган айрим техник ва ишлаб чиқариш йўналишларида дуал таълим талабаларига тўланган иш ҳақининг 50 фоизини давлат бюджетидан субсидия сифатида қоплаш белгиланган.
Хорижий тажрибага назар ташланса, назарий таълим ҳамкор ташкилотлардаги амалий тайёргарлик билан уйғунлаштирилган.
Ўзбекистон учун бундай тажрибалардан чиқариладиган муҳим хулоса – талабанинг иш жойида ўтказган вақтинигина эмас, балки эгаллаган кўникмалари ва эришган натижаларини ҳам баҳолаш зарур. Ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш, далилларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий позицияни асослаш ва касб этикасига риоя қилиш шундай мезонлардан бўлиши мумкин.
Мамлакатимизда ҳам юридик таълимни амалиёт билан уйғунлаштириш чоралари кўрилмоқда. Тошкент давлат юридик университетида амалий ўқитиш, клиник ва дуал таълим тамойилларига асосланган тизим жорий этилган.
Унга кўра, иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари таълим дастурларининг 50 фоизини аудиторияда, қолган қисмини эса судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик ташкилотларда ўзлаштириши назарда тутилган.
2027/2028 ўқув йилидан бу тажрибани бошқа давлат олий таълим муассасаларида ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Дуал таълим самарадорлиги олий таълим даргоҳи, иш берувчи ва талаба ўртасидаги ҳамкорликка боғлиқ. Бунинг учун назарий машғулотлар ва иш жойидаги вазифалар мувофиқлаштирилиши, талабага тажрибали устоз бириктирилиши ҳамда унинг кўникмалари аниқ мезонлар асосида баҳоланиши зарур.
2027 йил 1 январдан устозлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва ҳар бир устозга кўпи билан 15 нафар талаба бириктириш белгилангани ҳам амалий тайёргарлик сифатини оширишга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, дуал таълим билим, тажриба ва бандликни ўзаро боғлаб, ёшларнинг меҳнат бозорига пухта тайёргарлик билан кириб боришига замин яратади. Айниқса, юридик таълимда бу ёндашув қонунни биладиган, уни амалда қўллай оладиган, мустақил фикрлайдиган ва ўз қарорлари учун масъулиятни ҳис қиладиган мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА