Термизда нуфузли халқаро илмий анжуман ўтказилади
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 20 ноябрь куни Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтади.
Айни пайтда Термиз шаҳрида йирик анжуманни юксак савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Ҳаким Термизий IХ-Х асрларда яшаб, ислом илмлари ва маънавий тафаккур тараққиётида ўз ўрнига эга бўлган буюк мутафаккир. Ул зотнинг инсон қалби ва руҳияти, маърифат, ахлоқ, нафс тарбияси, илм ва маънавий камолотга оид қарашлари асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмай, инсонларни эзгу амалларга чорлаб келмоқда. Улуғ мутафаккирнинг “Хатм ул-авлиё”, “Адаб ун-нафс”, “Баён ул-фарқ” сингари кўплаб асарларида илгари сурилган ғоялар бугунги кунда ҳам инсон маънавиятини юксалтириб, жамиятда эзгулик, бағрикенглик ва маърифий тафаккурни қарор топтиришда муҳим илмий-маънавий манба саналади.
Термиз шаҳрида буюк аллома таваллудининг 1200 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган конференцияда 31 нафар хорижлик ва 27 нафар маҳаллий энг таниқли исломшунос, шарқшунос, тасаввуфшунос олим ва мутахассислар, халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари, шунингдек, мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий муассасалар олимлари иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро анжуманда “Ҳаким Термизий ҳаёти ва илмий мероси”, “Ҳаким Термизий ва тасаввуф илми”, “Ҳаким Термизийнинг ҳадис илми ривожида тутган ўрни”, “Ҳаким Термизий тасаввуф таълимотининг умуминсоний аҳамияти”, “Ҳаким Термизий меросида ахлоқ, маърифат ва инсон камолоти”, ”Термизий алломалар илмий мероси ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти”, ”Ҳаким Термизий меросининг замонавий тадқиқотлардаги талқини” каби мавзуларда қизиқарли маърузалар тингланиб, муҳокама этилиши мўлжалланган.
Конференция буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, унинг асарларини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, хорижий ва маҳаллий олимлар ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириб, аллома илгари сурган маърифат, маънавий камолот ва инсонпарварлик ғояларининг бугунги кундаги аҳамиятини янада кенгроқ очиб беришга хизмат қилади.
Халқаро анжуман доирасида ноёб қўлёзмалар, илмий нашрлар ва замонавий тадқиқотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилади.

Конференция қатнашчилари Ҳаким Термизий мажмуаси ва бошқа муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири