“Дўстлик”да “Smart English” маркази фаолият бошлади
Сардоба туманининг чекка ҳудудларидан бири – Дўстлик маҳалласида “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан яна бир муҳим ва қувончли воқеа қайд этилди.
“Кўмак” лойиҳаси доирасида 130 миллион сўмлик ссуда маблағлари ҳисобидан замонавий “Smart English” ўқув маркази ташкил этилди ва унинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур марказ ёшларга хорижий тилларни чуқур ўрганиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш учун кенг имкониятлар яратади.

Очилиш маросимида Сардоба тумани ҳокими Зиёдулла Каримов, туман прокурори Равшанбек Норбоев ҳамда туман солиқ инспекцияси раҳбари Ойбек Икромов иштирок этиб, янги марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Улар мазкур таълим маскани ёшлар салоҳиятини ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар.
“Smart English” маркази замонавий ўқув дастурлари, интерактив ёндашувлар ва малакали мутахассислар билан таъминланган бўлиб, бу ерда ёшлар инглиз тилини пухта ўзлаштириш, эркин мулоқот кўникмаларини шакллантириш имкониятига эга бўладилар.

Шу билан бирга, марказ нафақат Дўстлик маҳалласи, балки атроф ҳудудлардаги ёшлар учун ҳам сифатли таълим олиш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашда муҳим маскан бўлиб хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА