Дори нархларида янги тартиб ва қатъий назорат
Фармон ва ижро
Дорихонага кирган харидор учун энг муҳим масала – зарур дорини топиш ва уни мақбул нархда харид қилишдир. Айниқса, мунтазам даволанишга муҳтож беморлар учун препарат нархидаги кичик фарқ ҳам ойлик харажатларга сезиларли таъсир кўрсатади. Шу боис, дори воситалари нархини тартибга солиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан бир қаторда, оила бюджетига ҳам бевосита дахлдор ҳаётий масаладир.
Ўзбекистонда бу борада янги механизмлар жорий этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 28 январдаги тегишли фармони билан дори воситалари нархини шакллантириш ва назорат қилиш тартиби такомиллаштирилди. Препаратларнинг асоссиз қимматлашишига йўл қўймаслик, аҳолининг дори-дармон харажатларини камайтириш ва бозорда шаффоф рақобат муҳитини яратиш ушбу ислоҳотнинг асосий мақсади этиб белгиланган.
Бу мақсадга эришишда референт нарх тизими муҳим аҳамият касб этади. Содда қилиб айтганда, референт нарх – дори воситаси қийматини тартибга солишда қўлланиладиган расмий мезондир. Унинг асосида улгуржи ва чакана савдода йўл қўйиладиган энг юқори нарх чегараси белгиланади.
Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб рецепт билан бериладиган дори воситаларига улгуржи савдода 15 фоиздан, чакана савдода эса 20 фоиздан ортиқ устама қўйиш тақиқланган. Бунда воситачилар сонидан қатъи назар, препаратнинг якуний қиймати белгиланган чекланган референт нархдан ошмаслиги шарт. Масалан, дорихона препаратни 100 минг сўмга сотиб олган бўлса, унга кўпи билан 20 фоиз устама қўйиши мумкин. Бироқ, агар ушбу дорининг чекланган чакана нархи 115 минг сўм этиб белгиланган бўлса, уни 120 минг сўмга сотишга рухсат этилмайди.
Шу тариқа, нархларнинг ошишига икки томонлама чеклов қўйилмоқда – савдо устамаси ҳам, якуний сотув нархи ҳам қатъий назорат қилинади. Рецептсиз бериладиган препаратларга эса мазкур чекланган устамалар татбиқ этилмайди. Яна бир муҳим ўзгаришга кўра, агар бир ишлаб чиқарувчи таркиби бир хил бўлган дориларни турли савдо номлари остида чиқарса, уларнинг барчасига энг паст референт нарх қўлланилади. Бу қоида бир хил таркибли препаратларни турли брендлар билан асоссиз қиммат сотиш имкониятини чеклайди.
Янги тартибнинг амалий натижалари 2026 йилга келиб яққол кўрина бошлади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб 2 мингга яқин номдаги рецепт бўйича бериладиган препаратларнинг чакана нархи пасайтирилди. Апрель ойида эса ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи сифатида яна тахминан 2,5 минг номдаги дори воситасининг референт нархлари қайта кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан ўтказилаётган тизимли назорат тадбирлари ва текширувлар ҳам бу борада кутилган натижаларни бермоқда.
– Жорий йилнинг биринчи ярмида Марказ томонидан республика бўйича 634 та назорат тадбири ўтказилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров. – Натижада 33 та дорихонанинг лицензияси бекор қилинди. Уларнинг 6 таси дори воситаларини давлат томонидан белгиланган нархдан қиммат сотгани учун лицензиясидан маҳрум бўлди. Яна 64 та дорихонанинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Шунингдек, 256 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланди. Бу рақамлар назоратнинг амалий натижаларини яққол кўрсатади. Бизнинг вазифамиз дорихоналарнинг қонунчилик талабларига қатъий риоя этишини таъминлаш, аҳолига сифатли, хавфсиз дори воситалари белгиланган нархларда етиб боришига эришишдир.
Харидор ўзига керакли препаратнинг белгиланган нархини мустақил текшира олиши учун “pharm.gov.uz” платформаси ва “PharmUz” мобиль иловаси орқали маълумот олиш имконияти яратилган. Агар препарат белгиланган нархдан қиммат сотилаётган бўлса, фуқаро илованинг “Shikoyatlar” бўлими орқали мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 қисқа рақами ҳам шундай мурожаатларни қабул қилади.
Бундай имкониятлар аҳолининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишида муҳим воситага айланмоқда. Масалан, харидор дорихонадаги нархни электрон реестрдаги маълумотлар билан солиштириб, фарқни аниқласа, тегишли идораларга тезкор хабар бера олади. Шу тариқа, дори-дармон нархлари устидан назорат қилиш тизимида фуқароларнинг ҳам фаол иштироки таъминланади.
Албатта, дори-дармон нархларини пасайтириш билан бирга бозордаги мувозанатни сақлаш ҳам ғоят муҳимдир. Чунки препаратлар арзон бўлиши билан бирга, дорихоналарда доимий равишда мавжуд бўлиши керак. Айниқса, импорт қилинадиган дорилар нархи тўғридан-тўғри валюта курсига боғлиқ эканини ҳисобга олсак, ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва истеъмолчи манфаатларини ўзаро мувофиқлаштириш зарурати юзага келади.
Шу боис, Фармонда валюта курси ўзгарган тақдирда, референт нархларни қайта кўриб чиқишнинг аниқ тартиби белгиланган. Унга кўра, хорижий валютанинг миллий валютага нисбатан қиймати охирги қайд этилган кўрсаткичдан 3 фоиздан зиёдга ошса, нархлар январь ва июль ойларида, агар 5 фоиздан ошса, муддатидан олдин қайта кўриб чиқилиши мумкин. Эътиборли жиҳати, бу жараён тадбиркорларнинг алоҳида мурожаатисиз, автоматик тарзда амалга оширилади.
Соҳадаги ўзгаришлар фармацевтика бозорида нархларни шакллантириш ва назорат қилишнинг мутлақо янги тизимини яратмоқда. Минглаб препаратлар нархининг пасайтирилиши, электрон назорат механизмларининг жорий этилиши ва қонунбузарликларга нисбатан қатъий чоралар кўрилаётгани бу борадаги амалий қадамлардир. Эндиги асосий масала ушбу тизимли ўзгаришларнинг ҳар бир дорихонада ўз ифодасини топишини таъминлашдан иборат. Чунки халқимиз учун ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси ҳисоботлардаги қуруқ рақамлар эмас, балки зарур дори воситасини белгиланган мақбул нархда, ортиқча оворагарчиликсиз харид қила олиш имкониятидир.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА