Сиёсий партияларимиз вакиллари Сеулда ўтаётган халқаро конференцияда иштирок этмоқда
Жанубий Корея Республикасининг Сеул шаҳрида 4-7 ноябрь кунлари бўлиб ўтаётган Осиё сиёсий партиялари халқаро конференциясининг (ICAPP) 13-Бош Ассамблеясида мамлакатимиздаги сиёсий партиялар вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
“Ўзгараётган дунёда ишончни қайта тиклаш” мавзусига бағишланган мазкур халқаро анжуманда Осиёнинг 39 мамлакатидаги 92 та сиёсий партия вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда парламент тузилмалари вакиллари қатнашмоқда.
2000 йилда ташкил этилган ICAPP Осиё қитъасидаги сиёсий партиялар ўртасида кўп томонлама мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилувчи нуфузли халқаро майдон ҳисобланади.
Конференцияда сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий ва глобал муаммоларга нисбатан умумий ёндашувларни шакллантириш, ўзгараётган геосиёсий шароитда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва сиёсий мулоқотни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, барқарор тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, демократия ва давлат бошқарувини мустаҳкамлаш, умумий фаровонлик йўлида сунъий интеллектни ривожлантириш ҳамда иқлим ўзгариши масалалари кун тартибидан ўрин олган.
М.Комилова, ЎзА