Долзарб 90 кун қандай ўтяпти?
Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети жамоаси 2024 йил ёзги таътил давомида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси бўйича қатор ижтимоий, маданий ва экологик тадбирларда фаол иштирок этяпти. Шу орқали ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шахсий ва жамоавий салоҳиятини ривожлантириш асосий мақсад қилинган.
Хусусан, талабалар ташаббус доирасида 6-8 июнь кунлари Бухорода ўтказилган анъанавий Ипак ва зираворлар фестивалида волонтёр сифатида қатнашиб, халқаро миқёсдаги маданий тадбирни қўллаб-қувватлаб, ташкилий жараёнда бевосита қатнашиб амалий тажриба орттирди.



15 июнда Товоқсой тоғли ҳудудига маданий-маърифий саёҳат уюштирилиб, соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинди, ёшларда жамоа бўлиб ишлаш кўникмаси шакллантирилди, ўғил-қизлар диёримиз табиати билан яқиндан танишди. 22 июнь куни 31 нафар талаба Тошкент вилояти Янгиобод шаҳарчаси табиати, тарихий объектлари ўрганилиб, экологик маданият ва ижтимоий онгни ривожлантиришга доир муҳим билимларга эга бўлишди. 24 июнда Маданият ва ижод маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий академик драма театрига ташриф ташкил этилди. Ушбу тадбир талабаларнинг санъатга қизиқишини ошириб, уларнинг эстетик дидини шакллантиришга хизмат қилди. 29 июнь кунги экология маданиятини ошириш ва жисмоний саломатликни мустаҳкамлаш мақсадида уюштирилган саёҳат эса ёшларда табиий ресурсларга нисбатан масъулият ҳиссини оширишга ундади.
Мусулмон Зиё, ЎзА