Доира – унинг бор бойлиги!
Дунёда чолғулар кўп. Лекин улар орасида доира сози алоҳида ўрин эгаллайди. Доира ўзбек миллий маданияти ва ўзлигининг ажралмас тимсолидир.
Доира миллий куй ва рақслар учун асосий ритмик асосни (усулни) таъминлайди. У ансамблларда суръатни белгилаб берувчи етакчи чолғудир. Мутахассислар фикрича, бу чолғунинг тарихи эрамиздан аввалги II асрга бориб тақалади. У асрлар давомида деярли ўзгармасдан бизгача етиб келган энг қадимий зарбли-урма чолғулардан биридир.
Халқ орасида доира зарблари инсон юрагининг уришини акс эттиради, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Нима бўлганида ҳам, ўзбекона доира ижроси хушкайфият, юракларга ҳузур ва қувват, ўзига хос ижобий энергия бағишлашини ҳар биримиз ўзимизда ҳис этганмиз. Чирманда азал-азалдан тўй-ҳашамлар, маросимлар ва байрамларнинг ажралмас қисми бўлиб, жамиятни бирлаштирувчи восита вазифасини ўтайди.
Доира ижроси шунчаки “бака-бум” эмас, бир олам санъатни, бетакрор нафосатни, гўзал оҳангларни ўзида мужассам этган уммон янглиғ илм эканини устазода санъаткорлар Уста Олим Комилов, Тўйчи Иноғомов, Ғафур Азимов, Қаҳрамон Дадаев, Талъат Сайфиддинов, шунингдек, Исломовлар сулоласи ва бошқа кўплаб дарға санъаткорлар фаолияти орқали англаш мумкин.
Биз юқорида бежизга Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Талъат Сайфиддинов номини устазода ижрочилар қаторида санамадик. Зеро, Талъат ака доира орқали элда обрў ва эътибор топган, наинки ўзбек мусиқа санъати, балки миллий рақс санъати равнақига улкан ҳисса қўшган, миллий ижро орқали дунё халқлари қалбини забт этган устоздир.

Тақдирнинг ўзи унинг бетакрор ижод йўлини, истеъдоди равнақини белгилаб берган эди. У 1946 йилда гўзал ва ҳамиша навқирон Самарқандда таваллуд топди. Педагоглар оиласида вояга етган Талъат ака болаликдан чилдирма ижрочилигига меҳри ва иштиёқи баланд эди.
Тасодифми ёки Яратганнинг марҳамати сабаблими педагоглар оиласида таваллуд топган Талъат Сайфиддинов ўсмирлик чоғидаёқ Мукаррама Турғунбоева, Қаҳрамон Дадаев сингари улуғ санъаткорлар билан учрашишга муваффақ бўлганди.
Моҳир созанда қўлида доира билан майин шамол шивиридан тортиб, баҳорги момақалдироқ гулдуросигача бўлган кенг кўламли товушларни мухлисларга тақдим эта олади. Негаки, доира ҳам жўр бўлувчи, ҳам яккахон (соло) ижро этилувчи мукаммал чолғудир. Бу жиҳатлар Талъат Сайфиддинов ижросида яққол кўзга ташланади.
Мукаррама опа юртимизнинг турли вилоятларидаги “йилт” этган истеъдодни кўра билиш қобилиятига эга эдилар. Самарқандга гастроль сафари билан келган Мукаррама Турғунбоева Талъат Сайфиддиновдаги истеъдод кўламини кўра олгани сабабли уни Тошкентга, “Баҳор” ансамблида фаолият кўрсатиш учун ишга таклиф қилади. Қисқа фурсатда доира устасига айланган санъаткор кўплаб ижодий танловлар, концертлар, халқаро мусиқа фестивалларида шуҳрат қозонади.
Санъатга меҳри ва садоқати туфайли Талъат Сайфиддинов машҳур ўзбек доирачиси, ўз ишининг ҳақиқий устаси, ўзбек доира санъатини янги босқичга олиб чиққан ва уни дунёга танитган санъаткорлардан бирига айланди.
Талъат Сайфиддиновнинг ижро услуби бир нечта ўзига хос жиҳатлари билан тавсифланади. У доирада энг мураккаб усулларни, зарбларнинг тиниқлигини таъминлаш, юқори тезликда ва аниқ ижро этиш қобилиятига эга.
Санъаткорнинг ижросида мусиқий динамика – (товушнинг кучайиши ва пасайиши) жуда нозик ишланади, бу эса тингловчида куйнинг ҳиссиётли қабул қилинишини таъминлайди.
Устоз санъаткор анъанавий усулларга таянган ҳолда ижро жараёнида янги ва кутилмаган мусиқий безакларни маҳорат билан қўша олади. У кўп йиллар давомида машҳур рақс ансамбллари билан ишлаб, раққоснинг ҳар бир ҳаракатини доира зарблари билан идеал тарзда кузатиб бориш маҳоратини намойиш этган.
У нафақат Ўзбекистонда, балки собиқ иттифоқ даврида ва мустақиллик йилларида ҳам кўплаб хорижий мамлакатларда ўзбек миллий доира санъатини маҳорат билан намойиш этган. Жаҳоннинг 110 дан ортиқ давлатларида ижодий сафар билан бўлгани ва ўзбек миллий мусиқасининг шуҳратини оламга ёйгани ижодкорнинг миллий санъатимизга бўлган чексиз садоқати, меҳри, устозларга, халқимизга, Ватанимизга бўлган ардоғидан,эҳтиромидан дарак беради.
“Баҳор” рақс ансамблини доира ижрочилигисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ушбу жамоанинг миллий санъатимизнинг олтин фондидан жой олган рақслари айнан доира ижрочилиги асосида шаклланган. Талъат ака устоз санъаткорлар билан биргаликда бир қатор миллий рақсларни доира оҳанглари асосида халқимизга тақдим этишга муваффақ бўлган.
Талъат ака санъат йўналишидаги профессионал таълим муассасаларида дарс бериб, кўплаб маҳоратли доирачиларни тарбиялаган. Унинг шогирдлари бугунги кунда етакчи жамоаларда фаолият юритиб, устоз анъаналарини давом эттирмоқда. Устоз санъаткор ўз йўналишида мактаб ярата олган инсон. Дарға ижодкор миллий санъатимизни дунё бўйлаб намойиш этди, тарғиб ва ташвиқ қилишга, дунё аҳлида ўзбек санъатига меҳр уйғотишда муносиб ҳисса қўшди. Доира ижрочилиги санъатига оид кўплаб қўлланмалар, дарсликлар, ўқув адабиётларини яратди.
- Менинг зўр бойлигим бор, – дейди Ўзбекистон халқ артисти, устоз санъаткор Талъат Сайфиддинов. – Бу – доира! Бахтим шундаки, ҳаётимда яхши устозлар кўрдим. Уларга эргашдим, улар билан ҳамкорликда фаолият кўрсатдим. Наинки бир доирада, балки уч доирада ҳам ижрочиликни ўзлаштириб, дунё кездим. Халқнинг эътибори ва эътирофини қозондим. Доирани ҳурмат қилмаганимда, у менга ҳурмат, иззат ва обрў келтирмаган бўларди.
Дарҳақиқат, камтарин, камсуқум, заҳматкаш, миллий санъатимизнинг фидойиси, меҳрибон устоз Ўзбекистон халқ артисти Талъат Сайфиддиновнинг фаолияти бугун кўпчилик санъат йўлидагилар учун чин маънода ибрат мактабидир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири