"Дипломатик хизмат аълочиси" ва "Дипломатик хизмат фидойиси" кўкрак нишонлари таъсис этилди
Ҳукумат қарори билан тегишли низомлар тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги ПФ-133-сон Фармони билан "Дипломатик хизмат аълочиси" ва "Дипломатик хизмат фидойиси" кўкрак нишонлари таъсис этилган эди.

Куни кеча қабул қилинган Ҳукумат қарори билан мазкур кўкрак нишонларнинг низомлари тасдиқланди.
Унга кўра:
— "Дипломатик хизмат аълочиси" кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва мамлакат обрўсини ошириш ҳамда давлатнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий манфаатларини самарали илгари суриш борасидаги вазифаларни ватанпарварлик руҳида, сидқидилдан ва намунали тарзда бажараётган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимидаги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар ходимлари;
— "Дипломатик хизмат фидойиси" кўкрак нишони билан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама алоқаларининг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшган чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан, хорижда доимий яшайдиган ватандошлар тақдирланади.
"Дипломатик хизмат аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланадиган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти, "Дипломатик хизмат фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирланадиган шахсларга эса эсдалик совғалари берилади.
ЎзА