ДХХ кубоги кимларга насиб қилди?
Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида ҳар йили мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги мусобақаси кўтаринки руҳда ва юксак савияда ўтказиб келинмоқда.
Наманган вилоятида ташкил этилган “ДХХ кубоги” мусобақасига бўлган қизиқиш жорий йилда ҳар қачонгиданда юқори бўлди. Маҳалла, шаҳар, туман ҳудудий босқичларидан сараланган маҳалла фуқаролар йиғинларидан 14 жамоа вилоят босқичида ғолиблик учун яшил майдонда баҳс юритди.

Давлатобод туманидаги “Сабр” спорт ўйингоҳида бўлиб ўтган мусобақанинг ўсмирлар ўртасидаги ҳар бир ўйини муросасиз рақобат муҳитида кечди. “ДХХ кубоги”да аввалги йилларда ўзига хос тажриба мактабига эга бўлган Наманган шаҳрининг “Дамбоғ” маҳалласи жамоаси финал учрашувида Косонсой туманининг “Навбаҳор-1” жамоасига қарши майдонга тушиб, йирик – 6:1 ҳисобида зафар қучиб, мусобақанинг мутлақ ғолиби сифатида кубокни қўлга киритди.
Мусобақанинг яна бир совринли ўрни учун Учқўрғон туманининг “Навбаҳор” ва Мингбулоқ туманининг “Тегирмонбоши” жамоалари баҳслашди. Ҳар икки жамоа соврин йўлида бор имкониятини ишга солиб, мухлисларга ҳақиқий футбол шукуҳини тақдим этди.
Ўйиннинг асосий вақтида 4:4 ҳисобидаги жанговар дуранг кузатилгач, ғолиб номи пенальтилар “серияси”да аниқланди. Ўзига хос “омад лотореяси”да 7:6 ҳисобида устун келган учқўрғонликлар учинчи ўринга сазовор бўлди.

“ДХХ кубоги”нинг қизлар (аёллар) иштирокидаги турнири ҳам ғоят қизиқарли ва томошабинларнинг олқишларига бой тарзда ўтди. Финалда барча рақибларини енган Наманган шаҳрининг “Алпомиш” ва Учқўрғоннинг “Баҳриобод” жамоалари куч синашди. Муросасиз кечган беллашувда рақибларини 2:1 ҳисобида таслим этган алпомишликлар бош совринга эга чиқди.

Яна бир муҳим учрашувда Попнинг “Водий” ва Чустнинг “Машҳад” жамоалари ўзаро баҳс юритди. Ўйиннинг асосий дақиқаларида кучлар тенг келди. 2:2 ҳисобидаги дурангдан сўнг жамоалар 11 метрлик жарима тўпларини тепди. Пенальтиларни аниқ амалга оширишда совуққонлик ва маҳорат намойиш қилган поплик футболчилар шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой эгаллади.

Таъкидлаш жоизки, Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги учун анъанавий равишда ўтказиб келинаётган бу каби турнирлар маҳаллаларда ёшлар, хусусан, қизлар ўртасида футболни кенг оммалаштириш, ёш авлод вакилларини жисмоний тарбия ва спортга йўналтириш ҳамда миллионлар ўйини учун янги иқтидор соҳибларини кашф этишга хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА