Футбол: Ишонч ва бирдамликнинг ёрқин тантанаси
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида океан орти мамлакатларида давом этаётган Жаҳон чемпионатида иштирок этган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган футболчиларни ҳукумат аъзолари, спорт ва футбол мутасаддилари, минг-минглаб мухлислар, жамоатчилик вакиллари самимий қаршилади.
Тўғри, мундиал баҳслари миллий терма жамоамиз учун кутилган натижа билан якунланмади. Бироқ энг муҳими, Ўзбекистон футболи ўз тарихида янги саҳифа очди.
Миллий терма жамоамиз илк бор дунёнинг энг кучли 48 та жамоаси қаторида жаҳон чемпионати финал босқичида қатнашди. Руҳий, техник-тактик ва жисмоний курашларда тобланди, бебаҳо халқаро тажриба тўплади ва ер юзидаги миллионлаб футбол ишқибозлари қалбига Янги Ўзбекистон номини муҳрлади, ўзимизнинг оловқалб спортчиларимизга хос истеъдодини намоён этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев куни кеча пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда миллий терма жамоамизнинг мундиалдаги иштирокини муносиб баҳолар экан, чемпионат ўйинлари давомида жаҳоннинг энг кучли жамоалари билан бўйлашган, улар сингари бетакрор футбол жозибасини намойиш этган футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, катта ғалабалар ҳали олдинда эканини билдириб ўтди.
Дарҳақиқат, АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қилаётган XXIII Жаҳон чемпионатида миллий терма жамоамиз ФИФА рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб турган Португалия ва Колумбия, шунингдек, Африка қитъасининг кучли жамоаларидан бири саналган Конго жамоасига қарши баҳс олиб борди. Гарчи ушбу учрашувлар кутилган натижани бермаган бўлса-да, улар футболчиларимиз учун катта тажриба мактаби вазифасини ўтади. Айниқса, Аббос Файзуллаев ва Элдор Шомуродовнинг мундиалда киритган тарихий голлари, Беҳруз Каримовнинг шиддати, Абдуқодир Ҳусановнинг ҳимоядаги совуққонлиги, гарчи ҳисобланмаган бўлса-да, Азизбек Ғаниевнинг Португалия дарвозасига йўллаган голи ва бошқа-бошқа кўплаб вазиятлар ўзбек футболи зарварағидан муносиб ўрин эгаллаши асносида Жаҳон яшил майдонларида “оқ бўрилар”нинг муносиб ўрни борлигини, улар кейинги Жаҳон чемпионатларида ўз сўзини айтишга қодир эканини олам аҳлига кўрсатди.
[gallery-30170]
Кутиб олиш маросими халқимизга хос бўлган бир-бирига ишонч ва бирдамлик, бағрикенглик, ҳамжиҳатликнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Мухлислар Жаҳон чемпионатига чиқишдек улуғ орзуни амалга оширган миллий жамоамизни олқишлаб, давлат байроқлари ва эзгу тилаклар билан қарши олди.
Буни нафақат муваффақиятни нишонлаш, балки синовли паллаларда елкадош бўлишдек халқимизга хос эзгу азалий фазилатларнинг ёрқин кўриниши десак муболаға бўлмайди.
Шунингдек, Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда футболни янада ривожлантириш, болалар футболига эътиборни кучайтириш, соҳага инвестициялар ҳажмини ошириш ва миллионлар ўйинини умуммиллий ҳаракатга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилаётганининг амалий ифодасидир.
Маросимда миллий терма жамоамизни олдинда янада синовли мусобақалар кутиб тургани, улар орасида келгуси йил Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги мусобақаси энг асосийси экани айтилди.
Халқимиз орасида оққан дарё оқаверади, деган гап бор. Шу маънода ишонамизки, тўпланган тажриба кейинги Жаҳон чемпионатлари ва унинг теграсида ташкил этиладиган нуфузли турнирларда ўз самарасини беради.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов иштирок этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов (фото), ЎзА