Депутатлар ёшлар билан очиқ мулоқот қилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Мадина Баратова ва Шаҳноза Холмаҳаматова иштирокида партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Тошкент International University талабалари билан учрашув ташкил этилди.
Унда мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларнинг қонунчиликни такомиллаштириш жараёнларидаги ўрни ҳамда улар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларга эътибор қаратилди.

— Учрашув давомида ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борилди, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди, илгари сурилган ташаббуслар қўллаб-қувватланди, — дейди депутат Шаҳноза Холмаҳаматова. — Бундай мулоқотлар ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг фикрини эшитиш ва долзарб масалаларга амалий ечимлар топишда муҳим аҳамият касб этади.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда ёшлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда шунингдек, Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан унинг бой тарихий мероси, адолат ва бунёдкорлик ғояларининг бугунги ёшлар тарбиясидаги аҳамияти юзасидан ҳам фикр алмашилди.
М.Комилова, ЎзА