Депутатлар халқ таълими вазирининг ахборотини эшитдилар
11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида халқ таълими вазирининг мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришга доир ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида халқ таълими вазирининг мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришга доир ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.Парламент эшитуви вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг мактабгача таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларини ижро этиш бўйича фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш, “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишни мониторинг қилиш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияларининг ташаббусига кўра ўтказилди.
Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги қайд этилди. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ бу соҳага жиддий эътибор қаратилди ва амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ноёб, ўхшаши йўқ узлуксиз таълим услуби шакллантирилди. Ушбу услуб мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус, мактабдан ташқари таълим, олий таълим ва олий ўқув юртидан кейинги таълимни ўз ичига олади. Бунда мактабгача таълимнинг аҳамияти беқиёсдир, эрта болаликдан ўзини ўзи камолотга етказиш ва ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун пойдевор яратиб, ўзида инсоннинг бутун умри давомида керак бўладиган билимларга қизиқиш ва интилишни шакллантириш муҳимдир.
Шундан келиб чиққан ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари эшитувга тайёргарлик кўриш доирасида ўз сайлов округларида тегишли иш олиб бордилар. Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан мактабгача таълим тизимининг ривожланишини, жумладан, болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинишини, замонавий педагогик ва ахборот коммуникация технологиялари асосида уларни тарбиялаш ва ўқитиш даражаси ҳамда сифатини ўрганишга, соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантиришга доир назорат-таҳлил тадбирлари ташкил этилди.
Таҳлил мамлакатимизда узлуксиз таълимнинг бошланғич бўғини тизимида соғлом, ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилганлигини кўрсатди. Ҳозирги замон талаблари ва стандартларини инобатга олган ҳолда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтиришга, уларни қайта қуриш ва модернизация қилишга, шунингдек, Давлат бюджетидан молиялаштиришга тобора кўпроқ аҳамият берилмоқда. Охирги 3 йилда ажратилган маблағларнинг ҳажми 2 баравар ортди.
Мамлакатимизда 4950 та давлат мактабгача таълим муассасаси ва 74 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича мунтазам иш олиб борилмоқда. Бунинг натижасида болаларни умумтаълим мактабларида келгусидаги ўқишга тайёрлаш даражаси ошмоқда. Соғлом бола йили муносабати билан 2015-2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш Давлат дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Депутатлар эшитув чоғида ушбу соҳада бир қатор фойдаланилмаган имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар мавжудлигига эътиборни қаратдилар.
Айниқса, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали, тажрибали педагоглар билан таъминлаган ҳолда уларнинг тармоғини кенгайтиришга, давлат стандартларига мувофиқ ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишга, болаларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга эътибор қаратиш зарур.
Савол-жавоблардан кейин халқ таълими вазирининг ахбороти ҳар томонлама муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари вакиллари сўзга чиқдилар.
Нодира Каримова, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг аъзоси:
– Таълимга сарфланган харажатларга келажакка ажратилган сармоялар деб қаралади. Зеро, замонавий билимлар ва мустақил тафаккурга эга юқори маълумотли авлодгина ҳар қандай давлатнинг келажагини таъминлай олади. Боланинг билимлар оламига қўйган илк қадамларидан бошлаб тўлақонли таълим пойдевор яратилади. Бунда айнан мамлакат иқтисодиётининг муттасил ўсиши, ялпи ички маҳсулотнинг барқарор ошиши, бозор муносабатлари ва мулкчиликнинг турли шакллари ривожланишигина мактабгача таълимдан бошлаб бутун таълим жараёнини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконини беради. Биз ЎзЛиДеПнинг дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда нодавлат мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантириш, яъни соҳага хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш – болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ жалб қилинишини таъминлашда ёрдам берган бўларди, деб ҳисоблаймиз. Фикримизча, нодавлат секторининг кенгайтирилиши мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга, улардаги ўқув-тарбия ишларини яхшилашга кўмаклашади. Шу муносабат билан қишлоқ жойларида ташкил этиладиган нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини қонун йўли билан, шу жумладан, уларга имтиёзлар бериш орқали рағбатлантириш тизимини яратиш зарур.
Гулноза Эрназарова, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг аъзоси:
– Ҳар йили Давлат бюджети харажатларининг тахминан 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда. Уларнинг катта қисми таълим тизимига ажратиляпти. Бу соҳага улкан аҳамият берилаётганини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда партиямизнинг дастурий мақсадларига, электорат манфаатларига тўлиқ мос келади. Бизнингча, 2015-2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш Давлат дастурининг лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳудудларнинг ички ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан кенг фойдаланиш зарур. Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини изчил ривожлантириш эҳтиёжларига узвий боғлиқ тарзда олий ўқув юртларида, шу жумладан, имкониятлари чекланган болалар учун ҳам юқори малакали педагоглар, дефектологлар, психологларни тайёрлаш, малака ошириш институтларида мутахассисларни қайта тайёрлаш чора-тадбирларини кўриш зарур.
Шу билан бир қаторда, биз оилаларни замонавий мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ жалб қилишга интилишимиз, шу жумладан, ўзини ўзи молиялаштирадиган болаларнинг қисқа муддатли тайёрлов гуруҳларини ташкил этишни йўлга қўйишимиз зарур.
Ўрол Хаитов, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг аъзоси:
– Фракциямиз ушбу эшитувни ўтказишда ташаббускорлик кўрсатгани бежиз эмас, чунки ўсиб бораётган ёш авлодни тарбиялаш ва ўқитиш ҳар доим долзарбдир. Биз эшитувга тайёргарлик кўраётиб, ушбу масалани пухта ва ҳар томонлама ўрганиб чиқдик. Болаларга муҳаббат, уларнинг келажаги тўғрисида доимо қайғуриш – бу халқимиз менталитетига хос хусусиятлардир. Бунинг устига, ҳозирги вақтда айнан ёшлар аҳолининг асосий қисмини ташкил этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир. Шу сабабли ҳам бизнинг миллий таълим услубимиз чет эллик экспертларда катта қизиқиш уйғотмоқда. “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг муҳим шарти” мавзуида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференцияда бизнинг миллий таълим услубимиз энг юқори баҳога сазовор бўлди. Жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистоннинг таълим тизими демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ эканлигини қайд этди. Шунингдек, мамлакатимизнинг жаҳондаги нуфузи ошиши ҳам инсонларнинг, айниқса, ёшларнинг билим ва кўникмалари даражасига, умуман ақлий салоҳиятига боғлиқ.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, партиямиз таълимнинг барча босқичларини миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида такомиллаштиришни таклиф этмоқда. Боланинг ҳар томонлама камолга етказилиши учун уни ҳар ёқлама ақлий, ахлоқий, эстетик жиҳатдан ва жисмоний камолга етказиш масалаларини ўз ичига оладиган ўқитиш дастурларини татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Бизнингча, мактабгача таълим муассасаларини халқимизнинг анъаналари ва урф-одатларини ўзида мужассам этган кўргазмали қўлланмалар, дидактик материаллар, мантиқий ўйинлар ва ўйинчоқлар билан таъминлашни давом эттириш зарур. Бундан ташқари, педагоглар фаолиятини уларнинг иш стажи ва малакасига қараб рағбатлантириш, болалар билан ишлашда замонавий усулларни жорий этиш ва инновацион фаолиятдан фойдаланиш тартиботини яратиш зарур.
Тўлқин Абдусатторов, “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг аъзоси:
– "Соғлом бола йили" Давлат дастури болаларни ҳар томонлама камолга етказишга қаратилган. Бундай дастурларнинг қабул қилиниши ва изчил рўёбга чиқарилишини бирор-бир бошқа мамлакатда камдан-кам учратиш мумкин. Ўзбекистоннинг таълим тизимини бошқа давлатлар тизимлари билан таққослаганда унинг унумдорлиги ва самарадорлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Экспертлар доираларининг вакиллари ҳам мамлакатимиз тажрибасини ана шундай эътироф этмоқдалар. Улар таълим соҳаси давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлигига юқори баҳо бермоқдалар.
Шунингдек, партиямиз ўз дастури ва сайловолди платформасига мувофиқ болаларни тарбиялаш ва ўқитиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга болалар боғчалари, мактабларда сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш масалалари бўйича кўмаклашишга интилмоқда.
Шу муносабат билан, бизнингча, ННТ, ОАВ, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда аҳоли орасида болаларни эрта камолга етказиш, уларни ижтимоий мослаштиришда мактабгача таълим муассасаларининг ролини тарғиб қилиш ва тушунтиришга доир бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Бундан ташқари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, мактабгача таълимни ташкил этиш шакллари ва усулларини кенг жорий қилиш, болаларни “Болажон” базавий дастури асосида мактабга тайёрлашнинг вариатив, қулай услубларини ривожлантириш ҳисобига уларни тайёрлаш сифатини оширишга доир аниқ чора-тадбирларни кўриш зарур.
Парламент эшитувининг якунлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, унинг фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, моддий-техник базани босқичма-босқич мустаҳкамлаш, уларни ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, шунингдек, ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг моддий рағбатлантирилишини кучайтиришга қаратилган қарори қабул қилинди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 2015-2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш Давлат дастурини ишлаб чиқишни ва қабул қилишни тезлаштиришни тавсия қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати