Депутат ижтимоий уй-жой масаласида пойтахт ҳокимига сўров юборди
«Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Гулруҳ Аъзамова пойтахтда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни давлат уй-жой фонди ҳисобидан турар жой билан таъминлаш ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовга депутатлик сўрови юборди.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва ижтимоий уй-жойларни электрон навбат асосида очиқ ҳамда адолатли тақсимлашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Бироқ, депутатларнинг жойларда сайловчилар билан ўтказаётган учрашувлари, фуқаролар қабулларида билдирилаётган мурожаатлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган материаллар мазкур йўналишда ҳали ечимини кутаётган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
2026 йил 16 июль куни интернет нашрларининг бирида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, ногиронлиги бўлган фуқаро Ирина Жўраеванинг мурожаати эълон қилинди. Унда қайд этилишича, фуқаро 2019 йилдан буён давлат уй-жойи олиш учун навбатда турибди, ўтган давр мобайнида эса унинг навбати 26-ўриндан атиги 16-ўринга силжиган.
Мазкур ҳолат жамоатчилик вакиллари қаторида депутатда ҳам ижтимоий уй-жой фондининг етарлилиги ва уни тақсимлаш жараёнининг очиқлиги юзасидан қатор саволларни келтириб чиқарди.
Шу муносабат билан Гулруҳ Аъзамова депутатлик сўровида Тошкент шаҳар ҳокимидан қуйидаги масалалар бўйича асослантирилган маълумот тақдим этишни сўраган:
— Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фонди ҳисобидан ижтимоий уй-жой олиш учун навбатда турган фуқароларнинг тоифалар кесимида таъминланиш ҳолати;
— давлат уй-жой фондини кенгайтириш, ижтимоий уй-жойлар сонини кўпайтириш ва эҳтиёжманд аҳолини турар жой билан таъминлаш борасидаги муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар;
— уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга давлат уй-жой фондидан уй-жой ажратиш жараёнини рақамлаштириш ва идоралараро электрон тизимларни интеграция қилиш бўйича амалга оширилган ишлар;
— ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг муносиб яшаш шароитларини, жумладан, уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришни таъминлаш борасида келгусида амалга ошириладиган аниқ режалар.
Депутат «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддаси ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, кўтарилган масалалар юзасидан ўн кун муддатда асослантирилган тушунтириш ва расмий муносабат тақдим этилишини сўраган.
М.Комилова, ЎзА