Депутат ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий жараёнларни ўрганди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳудудларда иқтисодий ривожланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни хорижий тиллар ва бозорда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш орқали юқори даромадли иш ўринлари яратиш борасида ўрганишлар олиб бормоқда.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наримон Умаров Қуйи Чирчиқ туманида ҳокимлик раҳбарияти ва тегишли ташкилотлар масъуллари билан ўтказилган мулоқотда ҳудуднинг инвестиция дастурларини амалга ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ва камбағалликни камайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқотлар чоғида маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, коррупциянинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Туман ҳокими ва масъул мутасаддилар иштирокида Президент ҳузурида жорий йил 27 октябрь куни бўлиб ўтган иқтисодий муҳокамаларда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, туманда йил якунигача кутилган иқтисодий натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокама қилинди. Бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича амалий таклиф ва ташаббуслар ишлаб чиқилди.
Қуйи Чирчиқ туманидаги Гул ва Хўжа маҳаллаларида “Маҳалла еттилиги” билан ўтказилган мулоқотларда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинди. Аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кенгайтириш, иллатга муросасиз курашиш ва профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Хўжа маҳалласида 3 минг 57 нафар аҳоли яшайди, шулардан 657 нафари ёшлар, 1460 нафари хотин-қизлардир. Маҳаллада тадбиркорлик ва деҳқончилик фаол ривожланган бўлиб, аҳоли асосан балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади.
Депутат шу маҳалладаги 26-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, яқинда фойдаланишга топширилган ёпиқ спорт зали фаолияти билан ҳам танишди. Шу билан бирга, маҳалла фаоллари билан мулоқотда уларнинг иш жараёнида учраётган маъмурий ва бюрократик тўсиқлар ҳамда коррупцияга имкон берувчи омиллар муҳокама қилинди. Тўй ва маросимларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ҳалоллик ва шукроналик билан ҳаёт кечириш муҳимлиги айтилди.
Айниқса, “қизил” тоифадаги маҳаллаларда жиноятчилик сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тингланди. Шунингдек, Бирлик маҳалласида жойлашган 28-сонли умумий ўрта таълим мактабининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, иссиқлик тизимининг узлуксиз ишлаши кўздан кечирилди. Депутат томонидан тарғибот воситаларини кўпайтириш ва профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.
Барча учрашувларда Парламент томонидан қабул қилинган янги қонунлар ҳамда Президент фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти, уларда белгиланган муҳим топшириқ ва вазифалар сайловчиларга етказилди.
А.Мусаев, ЎзА.