Давлат харидларида шаффофлик ва адолат тамойиллари кучаяди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда давлат харидлари сонини камайтириш бўйича жиддий чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси Ўктамжон Охунов шу йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар ҳақида фикр билдирди:
– Коррупция – иқтисодий ўсишга, давлат бошқарувининг самарадорлигига ва фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига путур етказади. Коррупцияга қарши курашиш шунинг учун ҳам долзарб бўлиб, бу борада энг долзарб йўналишлардан бири давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш ва ундаги коррупция омилларини йўқ қилишдир. Чунки, манфаатлар тўқнашуви, қиммат нархларда товар ва хизматлар харид қилиниши каби салбий ҳолатлар айнан давлат харидларида кўпроқ кузатилмоқда.
Бугунги кунда 50 дан ортиқ турдаги товар ва хизматларни бевосита харид қилиш мумкин бўлса-да, ҳеч бир раҳбар ушбу рўйхатни бекор қилиш ва ҳаммани очиқ танлов асосида харид қилишга ўтказиш бўйича ташаббус билдирмаган.
Шу сабабдан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва парламентнинг бюджетга масъул қўмиталари олдига тўғридан-тўғри харидларни икки баробар қисқартириш вазифаси қўйилди. Бу коррупциявий схемаларнинг олдини олиш ва харид жараёнининг шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Йил якунигача давлат харидларида қонунга зид ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш учун сунъий интеллект ёрдамида ишловчи электрон тизим жорий этилади. Бу тизим коррупциявий омилларни автоматик тарзда аниқлаш, ҳар қандай харид бўйича реал ва бозор нархларининг фарқини кўрсатиш имконини беради.
Мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун махсус Эксперт комиссияси ташкил этилади. Ушбу комиссия илғор халқаро тажрибани ўрганиб, давлат харидлари жараёнини назорат қилиш бўйича янги тизим яратади. Хусусан, товар ва хизматларнинг бозор нархи акс этадиган электрон платформа шакллантирилади ва ундаги маълумотлар доимий янгиланиб борилади.
Янги тартибга кўра, давлат харидларида товар ёки хизмат нархи бозор нархидан 20 фоиздан ошмаслиги шарт қилиб белгиланди. Ушбу талабни бузган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний жавобгарлик ва жарима санкциялари қўлланилади. Бу чора коррупциявий келишувларнинг олдини олиш ва давлат маблағларининг самарали сарфланишини таъминлашга хизмат қилади.
Коррупцияга энг кўп мойил соҳалардан бири – йирик инвестиция лойиҳаларидир. Йиғилишда бундай лойиҳаларни амалга оширишда халқаро коррупцияга қарши стандартларни татбиқ этиш, шунингдек, аукцион шартларини рақобатдошлик экспертизасидан ўтказиш зарурлиги таъкидланди.
Янги тартибга мувофиқ, “Шаффоф қурилиш” платформаси кенгайтирилиб, нафақат маҳаллий, балки халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар учун ҳам жорий этилади. Дастлаб бу тизим субпудратчиларни жалб қилиш ва 1 миллион долларгача бўлган лойиҳалардан бошлаб татбиқ қилинади. Шу тариқа, йирик қурилиш ва инвестиция лойиҳаларида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий келишувларнинг олдини олиш мумкин бўлади.
Давлат харидларида коррупцияга қарши курашиш тизимли ёндашув ва қатъий чораларни талаб этади. Президент томонидан илгари сурилган таклифлар коррупция омилларини бартараф этишга, харид жараёнларини шаффоф ва адолатли қилишга қаратилган. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг, балки бутун жамиятнинг масъулияти эканини унутмаслик лозим.
Биз ушбу ислоҳотларнинг ижросини назорат қилиш, жойларда аҳоли билан мулоқот қилиб, коррупцияга қарши кураш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришимиз шарт. Фақат давлат идоралари эмас, балки кенг жамоатчилик ҳам ушбу жараёнга фаол жалб этилган тақдирдагина мамлакатимизда ҳақиқатан ҳам коррупциядан холи муҳит яратилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА