Давлат раҳбарининг ишончидан рағбат олган Ўзбекистон ёшлари
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Оксфорд, Кембриж, Гарвард каби дунёдаги энг нуфузли университетларда кимлар таълим олади? Ундай даргоҳларга ўқишга кириш учун инсон ақл-заковати нималарга қодир бўлиши керак?
Шу саволлар кишини, беихтиёр, ўйга толдиради. Ҳозир эса ўзига хос салоҳияти бор, сўзимиз бошидаги саволларга жавоб топган ёшлар билан ёнма-ёнман. Улар билан бир даврадалигингдан қалб ғурурга тўлмай бўладими?

Кўксарой қароргоҳи, 14 февраль. Президентнинг мамлакатимиз ёшлари билан мулоқоти якунланганига ҳеч қанча бўлгани йўқ. Учрашувдан чиққан ёшларнинг юз кўзларига, суҳбатига жимгина эътибор қиламан. Ўзбекнинг оддий фарзандлари. Ҳатто, эришган натижаларини оддий ҳол санайди. Илмидан кибрланишни билмайди.
Фарғоналик Азизбек Зайлобиддинов ва бухоролик Парвиз Туксановларни тинглаяпман. Келажакдаги режалари ва истаклари ҳақида сўзлаяпти. Борлиғимни ҳайрат ва ҳавас чулғаб олган.

Шу ўринда бир маълумотни келтириб ўтиш ўринли. Бугунги кунда шу икки йигит каби бир-биридан салоҳиятли минглаб ёшларимиз хорижда таҳсил олмоқда.
Биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали кейинги етти йилда АҚШнинг Гарвард, Йель, Колумбия, Стенфорд каби энг нуфузли саккизта, Буюк Британиянинг Оксфорд, Кембриж, Бирмингем каби йигирмадан ортиқ олийгоҳни эллик нафардан кўпроқ ёшларимиз битирди. Бугун бу таълим даргоҳларида ўқиётган қоракўзларимиз сони эса икки юз нафардан ошиб кетди.
Натижалар таққос қилинганда яққол кўринади. Ўтган йигирма беш йил ичида давлат ҳисобидан саккиз нафар ёш хорижга ўқишга юборилган бўлса, ушбу жамғарма орқали сўнгги етти йилда уч баробар кўп ўғил-қизларимиз бундай имкониятга эга бўлди.
– Ҳозир ўн саккиз ёшдаман, – дейди Гарвард университети талабаси, «Ибрат дебат» лойиҳаси раҳбари Азизбек Зайлобиддинов. – Янги Ўзбекистонда яратилаётган имкониятлардан фойдаланаётган ёшлардан бириман. Ноябрь ойида Гарвард университетидан юз фоизлик грант олдим. Энди ўқишни барча харажатлари қопланган ҳолда давлат бошқаруви йўналишида АҚШда давом эттираман. Бошида дунёнинг энг машҳур университетида ўқиш истагим борлигини билдирганимда кўпчилик ишонмади. “Олтиариқ қаерда-ю, Гарвард қаерда?..” дегувчилар ҳам бўлди. Лекин мен уларга эътибор қилмадим, шаштимдан қайтмадим. Юқори синфга ўтишим билан барча академик кўрсаткичларимни яхшилаб боришга ҳаракат қилдим. Ўрганиш ва изланишдан тўхтамадим. Ижтимоий лойиҳаларда ҳам фаол бўлдим. Хусусан, “Ибрат дебат” лойиҳасида ишладик. Жамоамиз билан инглиз тилида дебатлар ташкил қилдик ва бу натижасини берди.
Кўрилаётган чора-тадбирлар ва яратилаётган шароитлар натижасида илмий даражали ёш олимларимиз сони кўпайиб бормоқда. Бугун уларнинг сони тўрт минг уч юз эллик нафардан ортди. Ёшлар орасида чет тилларни ўрганишга қизиқиш кескин кучайди.
Яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, халқаро “SAT” имтиҳонида рекорд натижа қайд этган Парвиз Туксанов шундай ёшлардан бири.
Бу имтиҳон “академик баҳолаш тести” саналади. У инсондаги танқидий фикрлаш кўникмаларини текшириш учун ўтказиладиган халқаро даражадаги синовдир. Дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида ўқиш нияти бўлганлар шу имтиҳоннинг сертификатига эга бўлиши шарт.
– Президент эришган натижаларим билан қизиқди, келгуси режаларим ҳақида гапириб бердим, – дейди “Pinnacle School” ўқув маркази раҳбари Парвиз Туксанов. – Давлатимиз раҳбари сендай фарзандларим эришаётган натижаларга қараб, йўлимиз тўғрилигига ишонаман дедилар. Шу юртга, буюк аждодларимизга муносиб бўлишимиз зарурлигини уқтирдилар. Бу ишонч, оталарча меҳр ва самимий мулоқотдан руҳланмай бўладими?! Мен ўзим учун катта куч-қувват олдим. Ҳозир халқаро рейтингларда дунёда саккизинчи ўринда турадиган “National University of Singapore”га ҳужжат топширганман. Шунинг жавобини кутяпмиз. Мен интилаётган таълим даргоҳида ёшларга жуда ҳам илғор, дунёга машҳур олимлар сабоқ беради. Жаҳоннинг ўзига хос тажрибаларини ўрганиб, юртимизнинг ҳар жиҳатдан ривожланишига ҳисса қўшиш ниятим бор.
Дарвоқе, мулоқотда энергетика, транспорт, урбанизация, замонавий архитектура, тиббиёт йўналишларида “Эл-юрт умиди” жамғармаси квоталари кўпайтирилиши алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, дунёнинг нуфузли “ТОП-100” олийгоҳларида илмий даража олган 35 ёшгача бўлган олимларга уй-жой учун ўн йил муддатга 800 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиладиган бўлди.
Юксак марраларни кўзлаётган иқтидор эгаларига бу янгиликлар ҳам яна бир рағбат бўлди. Имконият ва мана шундай рағбатдан самарали фойдаланаётган йигит-қизлар сафи кенгаяверсин.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири