«Ёшлик девони» – шоир ижодининг навқиронлик садоси
“Адабий дўстлик – Абадий дўстлик” шиори остида ўтаётган халқаро адабиёт ва китобхонлик фестивалининг яна бир анжумани Марғилонда бўлди. Дастлаб фестиваль иштирокчилари сўз санъатининг буюк намоёндаси Эркин Воҳидов ёдгорлиги пойига эҳтиром рамзи сифатида гул қўйдилар. Бу аслида сўз қудратига эҳтиром эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 90 йиллиги арафасида унинг қайта нашр этилган «Ёшлик девони» китоби тақдимоти бошланди. Адабиёт ва шеърият мухлисларини бир даврага жамлаган ушбу маънавий-маърифий тадбир улуғ шоир хотирасини ёдга олиш, унинг бой адабий меросини янада кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим воқеалардан бири эди.

Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар, шоир ва ёзувчилар, адабиёт байрами иштирокчилари сўзга чиқдилар. Таъкидланганидек, Эркин Воҳидов ўзбек адабиёти тарихида ўзига хос мактаб яратган, миллий шеъриятни янги бадиий тафаккур, юксак фалсафий мушоҳада ва бетакрор сиймолар билан бойитган ижодкордир. Унинг шеърларида Ватанга муҳаббат, инсон қадри, миллий ғурур, она тилига эҳтиром ва ҳаёт ҳақидаги теран ўйлар мужассам.
Қайта нашр этилган «Ёшлик девони» эса шоир ижодининг илк даврларига назар ташлаш, унинг адабиёт оламига қандай орзу-интилишлар, қандай қалб туғёнлари билан кириб келганини яна бир бор англаш имконини беради. Китобдаги шеърлардан ёшликнинг беғубор туйғулари, муҳаббат ва ҳаётга ошуфталик, инсон руҳиятининг нозик кечинмалари ўрин олган.
Минҳожиддин Мирзо ўз сўзида Эркин Воҳидов ижодининг миллий адабиётимиздаги ўрни, шоир асарларининг авлодлар маънавий камолотидаги аҳамияти ҳақида тўхталди. Бундай китобларнинг қайта нашр этилиши, айниқса, ёш авлодни миллий шеъриятнинг энг яхши намуналари билан таништиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Сўзга чиққанлар Эркин Воҳидов шахсияти ва ижодий меросининг ўзига хос қирраларига эътибор қаратди. Уларнинг фикрича, ҳақиқий шоирнинг умри унинг шеърларида давом этади. Эркин Воҳидов ҳам ўзининг бетакрор сўзи, юксак бадиий маҳорати ва халқ қалбига яқин ижоди билан бугун ҳам китобхонларга замондош бўлиб яшамоқда.
Тадбир давомида шоирнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига оид хотиралар, адабиёт ҳақидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди. Эркин Воҳидов қаламига мансуб шеърлар ўқилди, унинг ижодий меросининг бугунги адабий жараёндаги аҳамияти саҳна лавҳаларида акс эттирилди.
– Илгари хориждан бир меҳмонни чақириш мушкул эди. Бугунги адабиёт байрамининг ўзида ўттизга яқин мамлакат вакиллари иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Улар ўзбек адабиёти намуналарини, биз эса хориж адабиётини таржима қилаяпмиз.
дабиётга бундай алмашувлар керак. Биз қоринни ўйлайдиган даврдан ўтганмиз. Энди маънавиятни юксалтириш, адабиётни ривожлантириш вақти келди. Адабиёт халқнинг руҳини, юрагини яратади.
Айтиш жоизки, «Ёшлик девони»нинг қайта нашр этилиши – бир авлод қалбидан жой олган шеърларни янги авлодга етказиш, адабиётимиз тарихида ўчмас из қолдирган ижодкорнинг маънавий оламига яна бир бор саёҳат қилиш демакдир.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА