Давлат мукофотлари эгаларига топширилди
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан ўзининг кўп йиллик самарали илмий-ижодий фаолияти, ёрқин ва бетакрор истеъдоди билан халқимизнинг маданий, бадиий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий маънавиятимизни бойитиш, мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш, асрий анъаналаримиз ва бой меросимизни асраб-авайлаш ҳамда Янги Ўзбекистонни жаҳон миқёсида тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Тақдирланганлар орасида бир гуруҳ хоразмликлар ҳам бор. Хоразм вилояти ҳокимлигида мукофотланганларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, Урганч ихтисослаштирилган мақом санъати мактаб-интернати директори Азамат Отажонов маданият ва санъат соҳасидаги самарали меҳнати, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий мақом санъатини ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.
– Президентимизнинг мазкур юксак мукофотлари мен учун нафақат кўп йиллик фаолиятимнинг эътирофи, балки эндиликда шогирдларим билан биргаликда миллий санъатимиз равнақига қўшадиган ҳиссамиз учун рағбат деб биламан, – дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Азамат Отажонов.

“Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган Хоразм вилояти қўғирчоқ театри директори Давронбек Атабаев ўз ҳаяжонини яшириб ўтирмади.
– Президентимиз томонидан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланганимни эшитган лаҳзамдан буён қалбимда фахр ва чексиз миннатдорлик туйғуси жўш урмоқда, – дейди Давронбек Атабаев. – Бу мукофот фақатгина менинг эмас, балки Хоразм вилояти қўғирчоқ театрининг ҳар бир фидойи санъаткори, саҳна ортида меҳнат қилаётган ҳар бир ходимининг умумий ютуғидир. Биз йиллар давомида жажжи томошабинларимизнинг юзига табассум югуртириш, уларнинг қалбига эзгулик уруғларини экиш йўлида бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилдик.
Хоразм вилояти кўзи ожизлар кутубхонаси директорининг ўринбосари Роҳат Тажиева ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ кўп йиллик самарали меҳнати, соҳага қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда аҳолининг маънавий-маърифий савиясини юксалтиришдаги фидокорона хизматлари учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Санъатга, маданият ходимларига кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ишонч бизга янгича куч, шижоат бағишлайди, – дейди Роҳат Тажиева. Бундан кейин ҳам ёш авлод маънавиятини бойитиш йўлида фидокорона хизмат қилишдан чарчамаймиз. Бизга билдирилган бу катта ишонч бизни янада кўпроқ меҳнат қилишга ундайди.
Тадбирда ушбу юксак мукофот соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ва санъат ривожи йўлидаги хизматларига берилган муносиб эътирофи эканлиги таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари