Давлат бошқаруви сифати янгича ёндашув асосида баҳоланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 июндаги фармойишига мувофиқ, юртимизда “Uzbekistan Government Quality Award” дастури амалга оширилмоқда.
У Бирлашган Араб Амирликларининг илғор тажрибасига асосланган. Давлат идоралари фаолиятини комплекс баҳолаш орқали замонавий бошқарув усулларини жорий этиш, давлат хизмати сифатини ошириш ҳамда очиқлик ва ҳисобдорлик маданиятини шакллантиришга қаратилган.
Дастур доирасида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан БАА экспертлари иштирокида қатор ўқув тадбирлари ўтказилди. Тингловчиларга методологик ёндашувлар, баҳолаш мезонлари ва материалларни тайёрлаш талаблари тушунтирилди. Амалий масалаларга – далилларни шакллантириш, самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва натижаларни тўғри акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилди. Илмий-тадқиқот институтлари вакилларидан иборат маҳаллий баҳоловчилар гуруҳи шакллантирилди.
[gallery-28589]
Дастурда 41 та вазирлик ва идора иштирок этмоқда. Ҳар бир ташкилотда масъул координатор белгиланган бўлиб, марказий тизим билан доимий алоқа ва тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.
Шу кунларда вазирлик ва идоралар фаолиятини баҳолаш босқичи бошланди. 16 апрелгача мазкур 41 та ташкилотдаги ишлар ўрганилади. Учрашувлар ва интервьюлар ўтказилиб, бошқарув самарадорлиги таҳлил қилинади. Якунда ғолиблар аниқланиб, май ойида тақдирлаш маросими ўтказилади.
“Uzbekistan Government Quality Award” давлат бошқарувида натижадорликни кучайтириш, халқаро стандартни жорий этиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган муҳим дастур сифатида баҳоланмоқда.
Мусулмон Зиё,
Фарҳод Абдурасулов ва Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА мухбирлари