Дала четларидан тўғри фойдаланиш – қўшимча даромад, унумдор ер, тўкин дастурхон манбаи
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикасининг “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларидан самарали фойдаланишнинг аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилмоқда.
Шеробод туманида бўлиб ўтган тадбирда Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Усмон Туропов дала четларидан оқилона фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйиш орқали аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлардан самарали фойдаланилмаганда қўлланиладиган чоралар тўғрисида фикр алмашди.

Семинарда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга мувофиқ эндиликда иккиламчи ижарага олган ижарачилар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги канал, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қонунчиликка мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ва муддатларда мақбул экин экилмагани БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши таъкидланди. Солиқ кодексига киритилган қўшимчаларга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги юқорида келтирилган майдонларда ҳар йили 1 майгача мақбул экин экилмаган ер участкаси ва уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни давлат солиқ органларига реал вақт режимида, электрон шаклда тақдим этиши шартлиги кўзда тутилиб, мазкур ахборотга асосан ер участкасининг мақбул экин экилмаган қисми учун жорий йилги ер солиғи ставкаси 3 баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланиши белгилангани қайд этилди.
Дала четларида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш, хорижий бозорларда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш орқали экспорт кўламини кенгайтириш, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлиги учун энг муҳим манба бўлган ерлардан унумли фойдаланиш имкониятини оширишга қулай муҳит яратди.

Мутахассисларнинг айтишича, бундай ҳудудларга мош, нўхат, ловия каби дуккакли экинларни экиш фермерларга қўшимча даромад келтириш баробарида тупроқни бойитиб, кейинги экинлар ривожи учун қулай муҳитни юзага келтиради. Аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда ерлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бу йил воҳадаги 1 минг 549 гектар майдонга турли қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат экинларини экмоқда. Унинг 932 гектари дала четларидаги, 617 гектари каналлар суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги фойдаланилмаган ерлардир. Бу майдонларнинг 434 гектарида сабзавот, 405 гектарида полиз, 507 гектарида дон ва дуккакли, 27 гектарида мойли ва 176 гектарида бошқа экинлар парваришланади.
Семинарда тадбиркор ва фермерларнинг дала четларидан оқилона фойдаланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Имтиёзли кредитлар ажратилиши, солиқ енгилликлари, субсидиялардан фойдаланиш тартиби тушунтирилди.
Тадбирда иштирок этган фермер ва деҳқонлар, тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири