"Дакар-2026": Муҳаммадисмоил Раҳмоновдан тарихий натижа ва илк медаль
Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида IV ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинлари доирасида сузиш бўйича мусобақалар давом этмоқда. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Муҳаммадисмоил Раҳмонов юртимиз делегациясига илк медални тақдим этди.
Спортчимиз 200 метрга брасс усулида сузиш бўйича финал баҳсида 2:15.79 дақиқа натижа қайд этиб, бронза медалига сазовор бўлди. Япониялик Иори Миядзаки 2:12.33 дақиқа билан олтин, литвалик Домас Вилмас эса 2:13.50 дақиқа билан кумуш медални қўлга киритди.
Мазкур натижа нафақат “Дакар–2026” мусобақасида Ўзбекистон делегацияси учун илк медаль, балки мамлакатимиз сузиш спорти тарихида ёшлар Олимпия ўйинларидаги биринчи медаль сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Шу тариқа, Муҳаммадисмоил Раҳмонoв Ўзбекистон делегациясининг “Дакар–2026” ўйинларидаги медаллар ҳисобини очди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА