Чорва саломатлиги – озиқ-овқат хавфсизлиги калити (+видео)
Аҳоли саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги чорва молларининг соғломлигига боғлиқ. Буни таъминлаш учун фермалардан хонадонларгача қамраб олинган, халқаро стандартларга асосланган ветеринария назорати тизими ишламоқда.
Аҳоли дастурхонига етиб борадиган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг хавфсизлиги – соғлом турмуш тарзининг асоси. Юқори сифатли маҳсулот тайёрланиши хавфсиз муҳитдан бошланади. Шу мақсадда чорвачилик хўжаликларида ва аҳоли хонадонларида тизимли ветеринария тадбирлари йўлга қўйилган. Мавсумий назорат нафақат йирик чорвачилик комплексларини, балки аҳоли хонадонларидаги уй ҳайвонларини ҳам қамраб олади. Бу жараёнда чорва моллари эмланиб, зарурий ветеринария кўригидан ўтказилади. Бундан ташқари, жорий йилда Жаҳон банки кўмагида йирик шохли қорамолларнинг идентификация тизими жорий этилмоқда. Ушбу тизим ҳайвонлар ҳақидаги маълумотларни ягона базада жамлаб, эпизоотик ҳолат устидан самарали назорат ўрнатиш имконини беради.
–Ҳозирги кунда қорамолчиликда яшур, нодуляр дерматит, куйдирги касаллигига қарши профилактик эмлаш тадбирлари ўтказиляпти, – дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Ҳожиакбар Отабоев. – Ҳайвон турига хос касалликларга қарши профилактик тадбирлар режа-график асосида амалга ошириб келинмоқда. Тошкент вилоятида 128 та ветеринария участкаларида 404 нафар ветеринария мутахассислари эмлаш тадбирларини олиб боряпти. Рўйхатга олиш билан биргаликда қутуриш касаллигига қарши ҳам эмлаш ишлари давом этяпти.
Мавсумий тадбирлар доирасида хориждан келтирилган чорва молларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, тадбиркор Диёр Ғаниев бошқарувидаги корхонада Европа давлатларидан олиб келинган қорамоллар парваришланиб, кунига 4.5-5 тонна сут ишлаб чиқарилмоқда. Бундай хўжаликларда санитария-эпидемиологик меъёрларга қатъий риоя қилиниши маҳсулот хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Ҳожиакбар Отабоевнинг таъкидлашича, ҳайвонлар саломатлиги — фақат чорвачилик соҳасининг ўзи билан боғлиқ масала эмас. У озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатадиган муҳим омилдир. Шу боис мавсумий ветеринария тадбирлари доирасида турли касалликларга қарши эмлаш ва дезинфекция ишлари ўз вақтида ташкил этилиши катта аҳамиятга эга.
Ушбу тизимли чора-тадбирлар – чорва моллари соғлиғини таъминлаш билан бирга, пировардида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва умумий саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Санжар Тошпўлатов,
Анвар Аҳмедов,
ЎзА