Наманган вилояти Ёшлар ишлари бошқармасида янги раҳбар иш бошлади
Оқилжон Ҳасанов 1989 йил 5 сентябрда Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2011 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетини тамомлаган. Мутахассислиги – филолог. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг тегишли буйруғи билан Оқилжон Олимович Ҳасанов Наманган вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У мазкур лавозимда ишлаган Бахтиёр Мирзатовнинг ўрнида иш бошлади.
Оқилжон Ҳасанов меҳнат фаолиятини 2011 йилда Наманган вилояти ҳокимлигида ташкилий-назорат гуруҳи мутахассиси сифатида фаолиятга киришган. Кейинчалик у турли йилларда Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси, Наманган шаҳар халқ таълими бўлими, Наманган шаҳридаги 80-сонли умумтаълим мактаби, Ёшлар ишлари агентлиги Наманган шаҳри бўлими, Наманган шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Давлатобод тумани ҳокимлигида турли масъул ва раҳбарлик вазифаларида иш олиб борган.
Тайинловга қадар, яъни 2025 йил октябрь ойидан буён Наманган вилояти ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар котибияти мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.