Чироқчилик фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди
Коммунал тўловлар, уларни тизимли ва ўз вақтида тўлаш маданияти, техник хатоликлар туфайли юзага келаётган ноқонуний ёки нореал қарздорликлар ҳамда уларни бартараф этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан оммавий ахборот воситаларида қатор мақолалар эълон қилинмоқда.
Мана шундай мурожаатлардан бири Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи фуқаро С.Т. билан боғлиқ бўлди. Унинг айтишича, уйда ҳеч ким йўқ пайтда электр тармоқлари корхонаси ходимлари келиб, хонадонга онлайн ҳисоблагич ўрнатиб кетган. Орадан бир неча ой ўтгач, фуқаро электр тармоқлари корхонасига бориб суриштирганида, унинг номига 20 миллион сўм қарздорлик ҳисоблангани маълум бўлган.
Истеъмолчи мазкур ҳолат сабабини сўраб мурожаат қилганида, масъул ходимлар томонидан мурожаатига етарлича эътибор қаратилмаган.
Шундан сўнг фуқаро амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Чироқчи тумани бўлими мутахассисларига мурожаат қилган. Мутасаддилар томонидан масала атрофлича ўрганилиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда фуқаро номидаги 20 миллион сўмлик нореал қарздорлик бекор қилинди.
Бу каби амалий ишлардан кўзланган асосий мақсад аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, давлат ва жамоатчилик ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда энг муҳими, истеъмолчилар ҳуқуқларини амалда таъминлашдан иборат.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири