Чирчиқда ўзбек жанг санъати бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди
Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуасида миллий спорт турларимиздан бири - ўзбек жанг санъати бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати беллашувлари бошланди.
6 март куни старт олган мазкур мамлакат чемпионатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан қарийб 1500 нафар спортчи иштирок этмоқда. Улар комплекс машқ, Темурийлар жанг усули, кўргазмали чиқиш ва “Ассалом тонг” йўналишлари бўйича ўзаро куч синашади.
Шунингдек, чемпионатнинг тантанали очилиш маросими ҳам юқори савияда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов ҳамда Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов иштирок этди.
Мутахассислар таъкидлашича, ўсмирлар ўртасида жанг санъати билан шуғулланиш нафақат жисмоний чиниқиш, балки интизом, жасорат ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Бундай мусобақалар ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, уларнинг иродасини мустаҳкамлаш ва спортга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
[gallery-28039]
Мазкур чемпионат миллий спорт туримиз — ўзбек жанг санъатини янада оммалаштириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни кашф этиш ҳамда уларни келгусида халқаро майдонларга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Н.Раҳмонова, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА