Буюк бастакорнинг фаолиятига бағишланган кўргазма
Ўзбекистон Бадиий академияси галереясида Руминиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Тошкентдаги Француз альянси ҳамкорлигида “Жорж Энеску Францияда” номли фотокўргазма очилди.
Дипломатик корпус аъзолари, санъат ихлосмандлари ва кенг жамоатчилик иштирок этган кўргазмада Руминиянинг буюк бастакори, мусиқачи ва педагог Жорж Энескунинг Франциядаги фаолияти муҳим лаҳзалари фотосуратлар орқали намойиш этилди. Ҳар бир сурат унинг ижодий изланишларини, санъат ва мусиқага бўлган фидойилигини ёритди.


Тадбирни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нур очиб, у ўз нутқида, академия учун халқаро ҳамкорлик ва санъат билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш доимий ва стратегик устувор йўналиш эканини таъкидлади.


Қайд этилганидек, мазкур фотокўргазма икки мамлакат ўртасида санъат ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

“Жорж Энеску Францияда” кўргазмаси нафақат санъат ихлосмандларини илҳомлантиради, балки халқаро маданий диалогни бойитувчи, Франция ва Руминия санъати уйғунлиги ва Энеску ижодининг ўзига хослигини очиб берувчи воқеа сифатида эътироф этилди.
Кўргазма шу йилнинг 8 апрелигача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА