Бухорода Франция маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда
Пойи Калонда янграган мусиқа ва Ситораи Моҳи-Хосадаги ранглар — икки маданият мулоқоти. Баъзан санъат ҳақида сўзлаш учун сўзнинг ўзи камлик қилади. Чунки ҳақиқий мусиқа қалбга таржима воситасисиз етиб боради, ҳақиқий рассомлик эса бир қарашда инсонни бошқа бир оламга олиб киради. Бухоро — ана шундай мулоқотлар учун яратилгандек. Асрлар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий кўприк вазифасини ўтаб келган бу қадимий шаҳар бугун ҳам турли халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги эзгу мулоқот манзили бўлиб қолмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимизда миллий маданият ва санъатни юксалтириш, тарихий меросни асраб-авайлаш, дунё халқлари билан маданий алоқаларни кенгайтиришга қаратилаётган юксак эътибор бу жараёнга янги мазмун бағишламоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан маданият дипломатиясини ривожлантириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини жаҳонга кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бухорода ўтказилаётган Франция маданияти кунлари эса ушбу сиёсатнинг ҳаётий ва таъсирчан ифодаларидан бири бўлди. Айниқса, Бухоронинг бетакрор меъморий ансамбллари жамланган Пойи Калон майдонида таниқли француз пианисти Кристин Фонлюптнинг концерти ўтказилгани маданий ҳаётимизда алоҳида воқеа бўлди.


Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Уалид Фук, маданият ва санъат намояндалари, хорижий меҳмонлар, ижодкорлар, журналистлар ҳамда Бухоро аҳли иштирок этди.
Пойи Калоннинг муҳташам минораси ва мадрасалари бағрида янграган фортепиано садолари гўё асрлар оша давом этаётган бир суҳбатга айланди. Бу суҳбатда бир томонда — қадимий Бухоро, унинг минг йиллик тарихи, Шарқ меъморчилиги ва маънавий мероси; иккинчи томонда эса — Европа мумтоз мусиқаси, француз ижро мактаби ва замонавий санъат нафаси бор эди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов тадбир аввалида сўзга чиқиб, Пойи Калон майдонида янграйдиган ҳар бир куй нафақат санъат асари, балки турли давр ва маданиятларни боғлайдиган ўзига хос мулоқот воситаси эканини таъкидлади. Дарҳақиқат, ўша оқшом мусиқа шунчаки тингланмади — у ҳис қилинди. Фортепианонинг ҳар бир товуши қадимий ғишт деворларга урилиб, яна қалбларга қайтгандек бўлди. Мумтоз асарлар садоси остида Пойи Калон яна бир бор Шарқ ва Ғарбнинг учрашув нуқтасига айланди. Кристин Фонлюптнинг юксак ижро маҳорати, мусиқий асарларга ўзига хос талқини томошабинларга мумтоз фортепиано санъатининг нозик ва бетакрор оламини ҳис этиш имконини берди.
Франция элчиси Уалид Фук ҳам маданий алмашинувлар халқлар ўртасидаги ўзаро англашув, дўстлик ва ҳурматни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамият касб этишини қайд этди.


Агар Пойи Калонда Франция маданиятининг овози янграган бўлса, Ситораи Моҳи-Хосада унинг ранглари намоён бўлди. Франция маданияти кунлари доирасида тарихий саройда “Прованс ва импрессионизм нури остида” номли санъат кўргазмасининг очилиши ҳам ўзига хос маданий воқеага айланди. Кўргазмада Франциянинг жанубидаги Прованс минтақасининг бетакрор табиати, қуёшли манзаралари, ранглар уйғунлиги ва импрессионизмга хос нозик кайфиятлар ўз аксини топган.
Кўргазма муаллифи Диана Хамзина ўз ижодий изланишларида Прованс табиатининг нурини, унинг рангларини, лаҳзаларини ва инсон ҳис-туйғуларини тасвирлашга интилади. Аммо бу асарларнинг Бухородаги намойишига яна бир маъно қўшилди. Чунки Прованснинг қуёшли манзаралари билан Бухоронинг олтин тусга кирган деворлари, француз импрессионизмидаги нур билан Ситораи Моҳи-Хосанинг шарқона нафосати бир маконда учрашди. Бу оддий кўргазма эмас, гўё икки маконнинг икки хил нури суҳбати эди.


Тадбирларда сўзга чиққан Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Уалид Фук Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона муносабатлар изчил ривожланаётганини таъкидлади. Айниқса, маданият ва санъат соҳасидаги алоқалар икки халқни янада яқинлаштириб, мамлакатларнинг бой тарихий ва маънавий меросини ўзаро намоён этиш учун кенг имконият яратаётгани қайд этилди. Дарҳақиқат, дипломатиянинг ҳамма гапни сўз билан айтиш шарт бўлмаган бир тили бор. Бу — санъат тили. Бир миллатнинг мусиқасини бошқа миллат вакили эшитиб, уни тушуниши учун таржимон шарт эмас. Рассомнинг ҳис-туйғусини англаш учун ҳам луғат керак бўлмайди. Шу боис Бухорода ўтказилган Франция маданияти кунлари икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада бойитган муҳим қадам бўлди. Бухоронинг бу тадбирлар учун танлангани ҳам бежиз эмас. Асрлар давомида Бухоро илм-фан, маърифат, адабиёт, санъат ва ҳунармандчилик маркази сифатида Шарқ тамаддунига улкан ҳисса қўшиб келган. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган шаҳар сифатида у турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотларнинг табиий майдони бўлган. Бугун эса бу анъана замонавий мазмунда давом этмоқда.


Пойи Калонда француз пианистининг мусиқаси янграйди. Ситораи Моҳи-Хосада Прованс манзаралари намоён бўлади. Бухоролик томошабин француз санъатини кашф этади. Француз меҳмонлари эса Бухоронинг асрлар билан тенгдош муҳитида Шарқ маданиятининг бетакрор жозибасини ҳис этади. Мана шунинг ўзи маданий дипломатиянинг энг гўзал кўринишларидан биридир.
Франция маданияти кунлари доирасидаги тадбирларда санъат ва маданият намояндалари, ижодкорлар, сайёҳлар, жамоатчилик ва санъат ихлосмандларининг иштирок этгани ҳам ушбу ташаббусга бўлган қизиқиш юксак эканини кўрсатади. Бу тадбирлар нафақат француз санъатининг ўзига хос қирраларини Бухоро аҳлига таништиради, балки ижодкорлар ўртасида мулоқот ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар яратади. Энг муҳими, бундай маданий учрашувлар инсонларни бир-бирига яқинлаштиради. Зеро, халқлар ўртасидаги дўстлик фақат расмий ҳужжатлар ёки келишувлар билан эмас, инсон қалбидаги ҳурмат ва ишонч билан мустаҳкамланади.
Бухорода Франция маданияти намойиши жорий йилнинг 31 октябрь кунигача давом этади. Ойлик доирасида турли маданий тадбирлар ташкил этилади. Тадбирлар дастуридан Франция санъати ва маданиятининг турли йўналишларини намойиш этувчи кўргазмалар, концерт дастурлари, рақс чиқишлари ҳамда кино намойишлари ўрин олган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири